Қарорга мувофиқ, Халқ таълими вазирлиги Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан биргаликда ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари, аҳолининг қизиқиши ва хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, умумтаълим мактабларини камида биттадан устувор, истиқболли, ривожланаётган, шу жумладан миллий спорт турларига ихтисослаштиради;
умумтаълим мактабларининг спорт турларига ихтисослашувидан келиб чиқиб, уларнинг ҳар бирида ҳар ойда камида битта спорт тури бўйича спорт мусобақалари ўтказилишини таъминлайди.
2021 йилдан бошлаб 22 сентябр республика бўйича “Автомобилсиз кун” сифатида эълон қилинди ҳамда шу куни шахсий автомобилда ҳаракатланишдан ихтиёрий равишда воз кечиш (махсус техникалар, такси ва етказиб бериш ҳамда тиббий тез ёрдам учун хизмат кўрсатадиган техникалар, жамоат транспортлари бундан мустасно) тавсия этилди.
Ички ишлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
а) икки ой муддатда пиёдалар ўтиш йўлакларида йўл-транспорт ҳодисаларининг сонини кескин қисқартириш, шунингдек, аҳолининг пиёда юриши учун қулайликлар яратиш мақсадида барча кўчаларда ўрнатилган светофорларнинг рухсат берувчи чироқлари вақти оралиғини халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқиб, пиёдалар ўтиш йўлакларида, шу жумладан, тартибга солинмаган серқатнов пиёдалар ва велосипедда ҳаракатланувчилар учун ўтиш йўлларида махсус светофорлар (тугмачалар орқали бошқариладиган) ўрнатилишини, пиёдалар ўтиш жойларининг (зебра) халқаро тажрибадан келиб чиқиб ташкил этилишини таъминлайди;
б) 2021 йил 1 апрелга қадар маҳаллалар, қишлоқлар, туманлар, шаҳарлардаги пиёда ва велосипедда юриш учун мўлжалланган “Саломатлик йўлаклари”га автомобил қўйишни тақиқловчи белгиларни, йўлакларнинг бошланиш қисмига автомобилларнинг ҳаракат қилишининг олдини олиш мақсадида махсус тўсиқларни ўрнатади, бунда тўсиқлар пиёда юриш ва велосипедда ҳаракатланишга халақит бермайдиган бўлиши инобатга олинади.
в) пиёда ва велосипедда юриш учун мўлжалланган “Саломатлик йўлаклари”да автомобил ҳаракатланишини ва у ерга автомобил қўйиб кетишнинг олдини олиш назоратини кучайтиради ҳамда бу ишларни доимий равишда амалга оширади;
г) Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда ўқувчилар ва талабалар ўртасида велосипедда тўғри ҳаракатланиш, белгиланган йўлаклардан ташқарида ҳаракатланмаслик, йўл қоидаларига қатъий риоя қилиш бўйича умумтаълим мактаблари, профессионал ва олий таълим муассасаларида йўл ҳаракати ходимлари иштирокида дарс ўтиш ҳамда ўқув қўлланмалар ва буклетлар тайёрлаб ўқувчи ва талабаларга тарқатиш бўйича чора-тадбирлар белгилайди.















