Энергетика вазирлигининг билдиришича, мавсумда истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш учун барча имкониятларни сафарбар қилган ҳолда тизимли ишлар ташкил қилинади.
Энергетика вазирлиги ва тизим корхоналарида куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида 24/7 режимида навбатчилик ташкил этилган.
Электр таъминоти бўйича:
Жорий йилнинг ўтган даврида мамлакат бўйлаб 7 минг километрдан ортиқ электр узатиш тармоқлари ва 1 731 та трансформатор пункти янгиланган.
Жорий йил ёз мавсумида республиканинг электр энергия истеъмоли соатига 13,3 гигаватт, яъни кунига 270-275 миллион кВт•соат бўлган бўлса, қиш мавсумида соатига 13,5 гигаватт, кунига эса 290-300 миллион кВт·соатгача кўтарилиши кутилмоқда.
Ўтган йили 81,5 млрд кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилган бўлса, 2025 йил якуни билан 85,5 млрд кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.
2025 йил якуни билан умумий қуввати 3 000 мегаваттдан ортиқ бўлган қуёш ва шамол, 1 167 мегаватт қувватли иссиқлик электр станциялари, 1 500 мегаваттдан ортиқ энергия сақлаш тизимлари фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Газ таъминоти бўйича:
538 км узунликдаги юқори ва ўрта босимли газ тармоқлари ва 951 та газ тақсимлаш пунктлари янгиланган, модернизация ва реконструкция ишлари амалга оширилган.
Жорий йил бошидан 464 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилган. Йил якунига қадар яна 199 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилади.
Бундан ташқари, республиканинг барча ҳудудларида суюлтирилган газ етказиб бериш учун қўшимча 29 мингдан ортиқ маиший газ баллонлари захираси яратилди.
Ҳудудларда авариявий ҳолатларнинг олдини олиш ва уларни тезкор бартараф этиш учун махсус бригадалар тузилиб, улар зарур техника, захира материаллари ва ҳимоя воситалари билан таъминланган.











