Президент Шавкат Мирзиёев 21 июл кунги селекторда масъулларга товар ва хизматлар таклифини кўпайтириш орқали инфляцияни жиловлаш вазифаси қўйилганини эслатди.
Вилоят ҳокимлари январ-июн ойларида инфляцияни 3 фоиздан оширмасликни мақсад қилган эди. Лекин Самарқанд вилоятидан ташқари бирорта ҳудуд буни уддалай олмади.
Давлат раҳбари апрел-июн ойларида гўшт нархи 6-8 фоизга кўтарилганини қайд этди. Шу сабабли импорт гўштни самолётда ташиш харажатларини қоплаш учун 300 миллиард сўм ажратилган. Пойтахт ва Тошкент вилоятидан тадбиркорлар самолётда 1300 тонна гўшт олиб келган бўлса, бошқа ҳудудлар бу борада етарли ташаббус кўрсатмаган.
Шавкат Мирзиёев ҳокимлар ва масъуллар гўшт балансини вилоятлар кесимида қайта кўриб чиқиб, қачон ва қайси давлатдан қанча гўшт олиб келиш бўйича аниқ режа тузиши шартлигини таъкидлади.
Йил якунигача четдан 100 минг бош қорамол ва 150 минг бош қўй-эчки олиб келиш вазифаси қўйилди.
Гўштни самолётда олиб келиш бўйича имтиёз йил якунигача узайтирилади.
Гўшт етиштиришни кўпайтиришга қўшимча 50 млн доллар

Қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижалари чорвачиликдаги ҳақиқий ҳолатни кўрсатиб берди. Илгари маълум қилинган рақамларга нисбатан қорамоллар сони 2,1 миллион бошга, қўй ва эчкилар сони 1,5 миллион бошга кам чиқди.
Биргина Қашқадарё вилоятида қорамоллар сони 171 минг бошга, қўй ва эчкилар 288 минг бошга камлиги аниқланган. Бу ушбу вилоят ҳисобидан бозорга 50 минг тонна гўшт ва 120 миллион литр сут чиқмаслигини англатади.
Чорвачилик лойиҳалари учун май ойида Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан 1 триллион сўм ажратилган. Бунга қўшимча равишда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан яна 50 миллион доллар йўналтирилади.
Мазкур маблағлар ҳисобидан чорва комплекси ташкил этишга 5 миллиард сўмгача, наслли қорамолчилик учун 20 миллиард сўмгача 10 фоизли кредит ажратилади. Кредитлар 10 йил муддатга, 4 йиллик имтиёзли давр билан берилади.
Картошка нархи
Жойларда йил давомида интервенция тизими тўғри йўлга қўйилмагани сабабли пишиқчилик пайтида далада картошка нархи тушиб кетгани қайд этилди. Фермерларда манфаатдорлик бўлмагани учун 325 минг тонна картошка сотилмай турибди.
Шавкат Мирзиёев картошкани фермерлар фойда кўрадиган нархда захирага олиб, тақчиллик пайтида бозорга чиқариш орқали нархни барқарор ушлаш зарурлигини таъкидлади.
Совиткичли омборлар
Йилнинг ярми ўтган бўлса-да, Қорақалпоғистон, Андижон, Жиззах, Сурхондарё ва Тошкент вилоятида мева-сабзавотни сақлайдиган бирорта ҳам совиткичли омбор ишга туширилмагани танқид қилинди.
Йил якунигача 87 минг тонна қувватга эга 340 та совиткичли омборни ишга тушириш вазифаси қўйилди.
Озиқ-овқат жамғармалари
Ҳокимлар бу йил озиқ-овқат жамғармаларини 2,5 баробар кўпайтириб, 500 миллиард сўмга етказиши керак эди. Лекин айрим ҳудудлардан ташқари бирорта ҳоким жамғармага маблағ ўтказмагани айтилди.
Бош вазир ўринбосарига уч кунда график тасдиқлаб, ҳокимларга озиқ-овқат жамғармаларига ойма-ой қанча маблағ туширишини белгилаб бериш топширилди.











