Шу ҳафтанинг ўзида Италия ва Испанияда турнир пешқадамлиги учун ўзаро тўқнашувларни, шунингдек, «Олд Траффорд»да эски «МЮ»нинг қайтишини кузатиш мумкин. Қизиғи, манчестерликлар ютса ҳам, ютқазса ҳам қайсидир маънода эски «МЮ» қайтган бўлади. Лондонда эса «Арсенал» қаторасига учинчи дербида майдонга тушса, Бирмингҳэмда Ҳусановсиз «Манчестер Сити» энг қийин сафар ўйинларидан бирини ўтказади.

«НАПОЛИ» – «ИНТЕР» (25 октябр, 21:00)

Ҳозирча молиявий имкониятлар Италия клубларини Европа миқёсда топ-клублар қаторига қўшишга халақит берса-да, тарихан ва Италия даражасида катта клублар А Серияда ҳатто Англиядагидан ҳам кўп. Шунинг учун деярли ҳар ҳафта биз чемпионликка, юқори ўринларга даъвогар бўлган жамоаларнинг ўзаро тўқнашувига гувоҳ бўламиз. Ҳатто мана шу ўлчовларда ҳам «Наполи» ва «Интер» тўқнашуви бугунги кун нуқтайи назаридан энг каттаси ҳисобланади. Зеро, чемпионлик пойгасида айнан шу жамоаларни бошқаларга нисбатан фаворит деб баҳолаш учун асослар етарли.

«Интер» таркиб ва тажриба жиҳатидан ҳали ҳам Италиянинг энг кучли клуби ва Европада ҳам лига шарафини муносиб ҳимоя қилаётган ягона клуб. Миланликлар Чемпионлар Лигаси финалчиси, бу йилги мусобақада ҳам 100 фоизлик натижа қайд этиб келмоқда. «Наполи» эса амалдаги чемпион. Жанубликлар ёзда Кевин де Брюйне, Расмус Ҳойлунд каби футболчилар билан янада кучайди. Ўтган мавсумда ҳам айнан шу икки жамоа сўнгги турларгача чемпионлик учун курашганди.

Бунинг устига мезбонлар мураббийи Антонио Конте яқин ўтмишда «Интер»да ҳам ишлаган ва бу жамоа билан ҳам чемпион бўлган. Айни дамда Миланнинг бошқа клуби чемпионат турнир жадвалини бошқариб турган бўлса-да, кўпчилик «Наполи» ва «Интер»нинг салоҳиятини юқори баҳоламоқда ва стратегик жиҳатдан бу ўйин кўпроқ чемпионлик учрашуви сифатида кўриляпти.

Жума оқшомида кутилмаганда турнир пешқадами «Милан» ўз майдонида аутсайдер «Пиза» билан дуранг (2:2) ўйнади. Энди «Наполи» – «Интер» ўйини ғолиби шу  турдан кейин пешдақамга айланиб олади.

Қизиғи, жамоалар ўртасидаги охирги уч ўйин бир хил – 1:1 ҳисобларида тугаган. Агар охирги 36 ўйинни олсак ҳам қизиқ симметрияга дуч келамиз – ҳар икки жамоада 12 тадан ғалаба ва яна шунча ўйин дуранг билан якунланган. Шу билан бирга, охирги беш ўйинда «Наполи» «Интер»ни юта олмаяпти. Бу мавсумда «Наполи» ўз майдонида ҳозирча йўқотишсиз ўйнамоқда, Чемпионлар Лигасидаги ҳозирча ягона уй ўйинида ҳам «Спортинг» мағлуб этилди. Лекин ҳафта ўртасида «ПСВ» майдонида кечган ўйин Антонио Конте фаолиятидаги энг ёмон мағлубиятлардан бири бўлди. 76-дақиқада Лукка майдондан четлатилгач, мезбонлар яна 3 гол уришди ва ҳисоб 2:6 кўринишига келди. Ҳолбуки ўша ўйинда «Наполи» биринчи бўлиб гол урганди. Неаполликлар ундан аввал «Торино»дан ҳам мағлубиятга учраганини эътиборга олсак, «Интер» устидан ғалаба мухлислар олдида айбини ювиш учун айни муддао бўлади.