Таълим | 10:05 / 25.10.2025
2394
1 дақиқада ўқилади

Янги қоидалар: қўшимча таълим ташкилотларини турли йўналишларда очиш мумкин

Янги қонун билан қатор қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Унга кўра, қўшимча таълим болалар ва катта ёшдагилар учун алоҳида йўналишларда ташкил этилиши, шунингдек давлат, нодавлат ва тижорат секторлари ушбу соҳада ташкилот очиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.

Янги қоидалар қўшимча таълим тизимини икки турга ажратади:

1) Болалар учун қўшимча таълим.
Узлуксиз таълим тизимининг таркибий қисми сифатида амалга оширилиб, болаларнинг истеъдод ва қобилиятини ривожлантириш, шунингдек маънавий эҳтиёжларини қаноатлантиришга хизмат қилади. Мазкур йўналишдаги ташкилотлар маданий-эстетик, илмий, техникавий, спорт ва бошқа соҳаларда фаолият юритиши мумкин.

2) Катта ёшдагилар учун қўшимча таълим.
Катталарнинг таълимга бўлган эҳтиёжларини қондириш, қўшимча билим ва кўникмаларни эгаллашини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилади. Бу қайта тайёрлаш, малака ошириш ва «умрбод ўқиш» (lifelong learning) амалиётини институционал тарзда кенгайтиради.

Қонунга мувофиқ, қўшимча таълим ташкилотларини давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва тижорат субъектлари очиши мумкин. Бу эса жамоат, хусусий ва фуқаролик жамияти институтлари иштирокини кенгайтириб, ҳудудий эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда янги таълим ташаббусларини амалга оширишга шароит яратади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров