Австралия қирғоқларида Биринчи жаҳон уруши пайтида икки австралиялик аскар фронтга кетганидан бир неча кун ўтиб ёзган мактублар солинган шиша топилди.

ABC хабарига кўра, ноёб топилма 1916 йилга мансуб бўлиб, 9 октябр куни Перт шаҳридан 600 километр жануби-шарқда жойлашган Уортон пляжидан топилган.

Маҳаллий аҳоли вакили Дебра Браун ва унинг оиласи аъзолари пляжни тозалаётганда аскарларнинг хатлари солинган шишани топиб олишган.

Брауннинг айтишича, улар аввалига хатни ўқиш имконсиз деб ўйлашган, чунки шиша ичида сув кириб қолганди. Бироқ уни бир неча кун қуритишга қўйиб, жарроҳлик қайчиси ёрдамида хатни чиқариб олишга муваффақ бўлишган.

Пишиқ шиша идиш ичидан 27 ёшли оддий аскар Малколм Невил ва 37 ёшли Уилям Ҳарли томонидан 1916 йил 15 августда қалам билан ёзилган мактублар чиққан.

Оддий аскар Невил 28 ёшида Францияда ҳалок бўлган, ўшанда у шишани сувга отганидан бир неча ой ўтганди. Уилям Ҳарли икки бор яраланади, аммо урушдан омон чиқади. У 1934 йилда саратондан вафот этади, қариндошларининг сўзларига кўра, у хандақдалигида газ ҳужумига учрагани туфайли унда шундай касаллик пайдо бўлган.

Малколм Невил ўз онасига ёзган мактубида бортдаги таомлар «жуда яхшилиги», фақат битта овқатни «денгиз тубига равона қилишаётгани»ни айтади.

«Бизнинг Ballarat номли кемамиз чайқалади ва бўрон туради, аммо биз ҳар қачонгидан кўра бахтиёрмиз. Муҳаббат билан, ўғлинг Малколм».

HMAT A70 Ballarat ҳарбий кемаси 12 август куни Аделаидадан йўлга чиққанди, унинг бортидаги аскарлар Австралиянинг Ғарбий фронтдаги 48-пиёдалар баталёни сафларини тўлдириш учун олиб кетилган.

Оддий аскар Невил шишани топиб олганлардан хатни унинг онаси, Жанубий Австралиядаги Уилкавэтт шаҳарчасида (ҳозирда бу жой амалда кимсасиз ҳудудга айланган) яшовчи Робертина Невилга етказишни сўраган.

Онаси 1916 йилда вафот этган жаноб Ҳарли эса хатни топиб олган инсон уни ўзида қолдиришига қарши эмаслигини айтган.

Фото: Deb Brown

Қоғозлар ҳўл бўлганига қарамай, ундаги ёзувлар осон ўқилган ва Дебра Браун иккала аскарнинг оиласи билан боғлана олган.

«Мен атиги иккита сўз – Невил ва Уилкаветтни тердим ва шу заҳотиёқ Ҳербининг профилини топдим», – деди у ABC телеканалига берган интервюсида.

Малколм Невилнинг жияни Ҳерби Невилнинг айтишича, «ақл бовар қилмайдиган» топилма унинг бутун оиласини бирлаштирган.