Naked Science нашри ABC хабарига таяниб ёзишича, Спайдер лақабли бузоқни кўрган ветеринар Меган Смит 20 йиллик фаолияти давомида бундай ҳолатга дуч келмаганини айтган.
Мутахассисларга кўра, қўшимча оёқлар олиб ташланмаганида, бузоқ улғайган сари турли муаммолар пайдо бўлиши, жумладан, унинг мувозанат сақлаши қийинлашиши мумкин эди.
Сидней университети Ветеринария фанлари мактаби мутахассиси Имке Таммен ҳозирча бу ҳолатнинг аниқ сабабини айтиш имконсизлигини билдирган.
Эҳтимолий изоҳлардан бири — «паразит эгизак» ҳодисаси. Бунда эмбрионал ривожланишнинг дастлабки босқичларида бир ҳомила камроқ ривожланган эгизагини ўзига сингдиради. Натижада иккинчи эгизак танасининг айрим қисмлари ривожланаётган ҳомилага бириккан ҳолда қолиши мумкин.
Бироқ Таммен бошқа сабабларни ҳам истисно қилмаган. Унинг айтишича, ҳайвоннинг ривожланиш жараёнидаги айрим бузилишлар ҳам қўшимча оёқлар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.
Қорамолларнинг айрим турларида бундай ҳолат ирсий генетик касалликлар билан боғлиқ бўлади. Олимларга қўшимча оёқлар ривожланишига алоқадор баъзи генетик мутациялар маълум, аммо бу Спайдердаги ҳолатнинг сабаби экани тасдиқланмаган.
Қўшимча оёқлар билан туғиладиган ҳайвонлар қанчалик тез-тез учраши бўйича ҳам аниқ маълумот йўқ.
Спайдернинг бошидаги ортиқча оёқларни олиб ташлаш операцияси тахминан бир ярим соат давом этган. Амалиётдан кейин бузоқнинг аҳволи тезда яхшиланган.














