NASA маълумотига кўра, сурат 2026 йил 20 сентябрда Landsat 9’даги OLI асбоби ёрдамида олинган. NASA ва АҚШ Геология хизмати биргаликда фойдаланадиган ушбу сунъий йўлдош Ер юзасини кузатади.

«Ўргимчак кратери» — Spider Crater Австралиянинг Кимберли ҳудудида жойлашган. Зарба натижасида ҳосил бўлган бутун тузилма овал шаклда бўлиб, узунлиги тахминан 13, эни 11 километрни ташкил этади.

Геологлар фикрича, ўргимчакка ўхшаш марказий қисм кратер тубининг зарбадан кейин қайта кўтарилиши натижасида шаклланган. Унинг оч рангли «оёқлари» эса қумтош тизмаларидир. Атрофдаги бошқа жинс қатламлари емирилиб кетган, бу тизмалар эса сақланиб қолган.

Олимлар дастлаб мазкур тузилманинг келиб чиқиши ҳақида турли тахминларни илгари сурган. Жумладан, уни вулқон фаолияти билан боғлаганлар ҳам бўлган. Кейинчалик дала тадқиқотларида кучли зарба тўлқинлари таъсирида ҳосил бўладиган, елпиғичсимон ёриқларга эга конуссимон тузилмалар топилган. Бу белгилар қадимий метеорит зарбасидан далолат беради.

Тадқиқотчилар зарба таъсирига учраган қумтош таркибидаги кварц ва циркон кристалларини ҳам лабораторияда ўрганган. Ушбу маълумотлар метеорит Ерга қандай бурчак остида келиб урилганини аниқлашга ёрдам бериши мумкин.

Кратернинг аниқ ёши ҳозирча маълум эмас. Ҳудуддаги тоғ жинслари ёшига асосланган баҳоларга кўра, у тахминан 600–900 миллион йил аввал, кечки докембрий даврида пайдо бўлган.