Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фуқаролик авиацияси: тармоқни либераллаштириш ва хавфсизликни ошириш чоралари белгиланди
27 октябр куни имзоланган президент фармони 2030 йилгача фуқаролик авиациясини ривожлантириш мақсадларини белгилаб берди: ICAO талабларини ўртача 85 фоизга етказиш, йўловчилар сонини 24 млнга, парвозлар сонини 200 мингга, паркни 180 та ҳаво кемасигача ошириш ва Тошкентдаги янги халқаро аэропортнинг 1-босқичини амалга ошириш.
Фото: Kun.uz
Транспорт вазирлигига рақобатни ошириш, парвозлар географиясини диверсификация қилиш, ICAO стандартларини миллий ҳуқуққа жорий этиш ва соҳанинг узоқ муддатли стратегиясини ишлаб чиқиш вазифалари юкланди. “Ўзаэронавигация”га навигация ускуналарини модернизация қилиш, PBN тизимини жорий этиш вазифаси берилди.
“Ўзавиация” агентлигига қўшимча 51 та штат ажратилиб, бошқарув ходимлари лимити 109 та этиб белгиланди, зарур ҳолда 25 фоизгача хорижий мутахассисларни жалб қилишга рухсат берилди.
Тошкент халқаро аэропортидаги тиббий-кўрик комиссияси тугатилиб, 2026 йил 1 апрелдан “Ўзавиация” таркибида авиаходимларни тиббий кўрикдан ўтказувчи бўлим ташкил этилади.
Резидент авиакомпанияларнинг йўловчи ва юк ҳаво кемалари импорти божхона божи ва ҚҚСдан озод этилади. 2026–2028 йилларда давлат бюджети ҳисобидан ҳар йили 250 млрд сўм аэродромлар ва ҳаво ҳаракатини бошқариш тизимини модернизация қилишга йўналтирилади.
Транспорт вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомисиз жамғарма тузилади, даромад манбаи — халқаро рейслар бўйича аэропорт йиғимлари. Жамғарма маблағлари “Ўзавиация” фаолиятини молиялаш, учувчи ва борткузатувчилар тайёрлаш, авиаходимларни рағбатлантириш, авиаҳодисалар текшируви ва лаборатория базасини яратишга сарфланади. 2026 йил 1 январдан “Ўзавиация”ни бюджетдан молиялаш бекор қилинади.
Аэропорт ер участкаларида қурилиш ишлари ICAO хавфсизлик талаблари асосида “Ўзавиация” билан келишилган тартибда амалга оширилади, аэропорт инфратузилмасини ривожлантириш учун ерлар Давлат активларини бошқариш агентлигига доимий фойдаланишга берилади.
3 ойда “Ўзавиация”да йўловчилар мурожаатларини қабул қилувчи CRM ва call-марказ ишга туширилади, Skytrax’га ўхшаш халқаро баҳолаш тизими жорий этиш бўйича таклифлар киритилади, эҳтиёт қисмлар учун пул (pool) шартномалари тизими йўлга қўйилади.
Ҳукуматга бир ойда — авиация давлат сиёсати бўйича маъмурий регламент, ҳаво ҳаракатини бошқаришни такомиллаштириш чоралари, икки ойда — учувчи ва борткузатувчи тайёрлаш ўқув муассасаси ҳамда Авиацияни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги ҳужжатлар лойиҳаларини киритиш топширилди. 2026 йил 1 октябрга қадар янги таҳрирдаги Ҳаво кодекси лойиҳаси тайёрланади.
Фармон ижроси учун бош вазир ўринбосари А.Раматов ва транспорт вазири И.Маҳкамов шахсан жавобгар қилиб белгиланди, умумий назорат бош вазир А.Ариповга юклатилди.
Мавзуга оид
15:18 / 04.12.2025
Аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашнинг янги молиявий инструментлари жорий этилади
08:09 / 04.12.2025
Қурилишда зилзилабардошлик талаблари бузилса, жавобгарлик оширилади
09:50 / 02.12.2025
2026 йилдан кўп қаватли уйга қўшимча қават қўшиш учун лойиҳани қайта расмийлаштириш тақиқланади
13:23 / 26.11.2025