Калашникнинг ICAO бош котибига йўллаган ва «Зеркало недели» нашри танишиб чиққан мактубида айтилишича, Украина ўз ҳаво ҳудудини 2022 йил февралидаёқ ёпган, Россия эса хавфларга бепарво бўлиб, бу бир қатор авиаҳалокатларга олиб келган.

Калашникнинг сўзларига кўра, Украина БМТ Низомининг 51-моддасига мувофиқ ўзини ҳимоя қилиш бўйича ажралмас ҳуқуқини амалга оширган ҳолда, «Россиянинг террорчи ҳаво ҳужумларига муносиб жавоб қайтаришга мажбур».

«Биз Россия томонидан авж олдирилаётган кескинлик фонида фуқаролик самолётларининг Россия ҳаво ҳудудида бўлиши ўта юқори хавф туғдириши мумкин, деган тушунчадан келиб чиқмоқдамиз. Шу боис, юқорида тилга олинган хавф ҳақида холис огоҳлантиришни ўзимизнинг ҳуқуқий ва гуманитар бурчимиз деб биламиз».

Калашник Россияда фаолият юритувчи «авиация маъмуриятлари, аэронавигация хизматлари провайдерлари ва авиакомпанияларни» фуқаролик авиацияси хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўришга ундади. Гап, жумладан, ICAO аъзолари учун Россия узра парвозларни бутунлай тақиқлаш ҳақида бормоқда.

Украина ТИВ раҳбари Андрей Сибига мамлакат Россия осмони хавфсиз эмаслиги тўғрисида халқаро ташкилотни расман хабардор қилганини ва парвозлардан тийилишга чақирганини тасдиқлади.

«ICAO, барча авиакомпаниялар ва ҳукуматларни эҳтиёткор бўлишга ундаш учун уларни хабардор қилиш – бизнинг масъулиятли қароримиздир, ҳаттоки Россия уларни огоҳлантириш бўйича ўз мажбуриятини бажаришдан бош тортаётган бўлса ҳам. Биз кутилмаган ҳодисаларнинг олдини олмоқчимиз», — деб ёзди Сибига.

Бир кун аввал Украина президенти Володимир Зеленский ўзининг кечки мурожаатида Россия осмони «хавфсиз бўлмай қолаётгани» ҳақида огоҳлантирган, чунки «Россия осмонида дронлар шундай пайдо бўладики, бу билан ҳисоблашишга тўғри келади». «Ҳамкорларимизни огоҳлантирамиз: Россия осмонида хавфсиз дақиқалар тугади», — деди у.

Россия президенти Владимир Путин бунга жавобан Зеленскийнинг сўзларини «давлат терроризмини амалга оширишга даъват» деб атади. Россия Транспорт вазирлиги раҳбари мамлакат авиация хизматлари фуқаролик авиацияси фаолиятида «сезиларли узилишларга» йўл қўймаслигини маълум қилди.