Спорт | 17:54 / 30.10.2025
5725
1 дақиқада ўқилади

Нажмиддин Қосимҳожиев таэквондо бўйича жаҳон чемпиони бўлди

Ўзбекистон сўнгги 10 йил ичида илк марта таэквондо бўйича жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритди. 21 ёшли Нажмидддин Қосимҳожиев Дмитрий Шокиндан (2015) сўнг жаҳон чемпионига айланган ўзбекистонлик иккинчи таэквондочига айланди.

Фото: @uzbtaekwondowt

Таэквондо WT бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси аъзоси Нажмиддин Қосимхожиев (-74 кг) Хитойнинг Уси шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритди. У финал баҳсида Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионати совриндори, бразилиялик Эдивал Понтесни мағлуб этди.

Ўзбекистон миллий жамоаси жаҳон чемпионатини 1 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медали билан ниҳоясига етказиб, умумжамоа ҳисобида бешинчи бўлди. Ўзбекистонликлар сафида Светлана Осипова (+73 кг) кумуш медални, Жаҳонгир Худойбердиев (-54 кг) бронза медални қўлга киритди.

Сўнгги бор ўзбекистонлик спортчилар таэквондо бўйича жаҳон чемпионатида 2015 йилда зафар қучган эди. Россиянинг Челябинск шаҳрида ўтказилган мусобақада Дмитрий Шокин (+87 кг) олтин медални қўлга киритди.

Уси-2025 умумжамоа ҳисобида Туркия ғалаба қозонди (3 олтин + 2 кумуш + 1 бронза). Жанубий Корея (2-2-2) иккинчи, Бразилия (2-2-0) учинчи бўлди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид