Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
«Online-шифокор» хизмати йўлга қўйилади
Президент Шавкат Мирзиёев 10 ноябр куни Тошкент давлат тиббиёт университетига ташрифи чоғида соғлиқни сақлашни рақамлаштириш доирасида аҳолига масофадан тиббий маслаҳат берувчи «Online-шифокор» сервисини жорий этиш вазифасини белгилади. Ягона рақамли инфратузилма орқали беморлар уйидан чиқмасдан врач билан боғланиб, электрон ҳужжатларни олиши мумкин бўлади.
Янги сервиснинг мақсади аҳолига бирламчи масофавий қабулни қулай форматда тақдим этиш, навбат ва сафарбарликни қисқартириш, тезкор йўлланмалар беришдир.
Унда видеоқабул/аудио/чат орқали врач билан боғланиш, электрон йўлланма ва таҳлиллар бўйича сўровларни масофавий бериб, натижаларни рақамли олиш ва бошқа қулайликлар назарда тутилган.
Қашқадарёда 4 нафар эгизак туғилди
Китоб туманида яшовчи Жасур Мақаев ва Дилфуза Баҳриддинова оиласида 4 нафар эгизак қиз туғилди. 5 нафар қизни вояга етказаётган оилада фарзандлар сони 9 нафарга етди.
Эгизаклар Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Қашқадарё филиалида муддатидан олдин кесарча кесиш амалиёти орқали дунёга келган. Улар 1400 гр, 1450 гр, 1600 гр ва 1400 гр вазнда туғилган.
Айни пайтда қизлар филиалда халқаро протоколлар асосида парвариш қилинаётгани билдирилган.
Тошкентда чиқинди қарзи туфайли 6 минг абонентнинг электр тўлови вақтинча чекланди
Тошкент шаҳри бўйича 2025 йил 5 ноябрь куни чиқинди хизмати қарздорлиги 2 млрд 239 млн сўмга яқин экани сабабли, жами 25121 абонент «Ҳудудий электр тармоқлари» 2100 қисқа рақамидан СМС орқали огоҳлантирилди.







