Global Challenges журналида эълон қилинган тадқиқотда олимлар глобал миқёсдаги ҳалокатли хавфларнинг оқибатларига бағишланган илмий адабиётларни таҳлил қилган.
Тадқиқотчилар бундай хавфларни учта асосий тоифага ажратган.
Биринчиси — Ер юзасига етиб келадиган қуёш нурлари миқдорининг кескин камайиши. Бундай ҳолат кучли вулқон отилиши, ядровий қиш ёки Ернинг йирик астероид ва бошқа осмон жисми билан тўқнашиши натижасида юз бериши мумкин.
Иккинчиси — глобал миқёсда инфратузилманинг жиддий издан чиқиши. Бунда электр таъминоти, транспорт тизими ва озиқ-овқат ишлаб чиқаришдаги кенг кўламли узилишлар назарда тутилган. Олимлар бундай вазият кучли геомагнит бўронлари, мувофиқлаштирилган глобал киберҳужумлар, пандемиялар ёки юқори баландликдаги электромагнит импульс таъсирида юзага келиши мумкинлигини қайд этган.
Учинчи йўналиш — глобал биологик хавф. Бунга COVID-19 қўзғатувчисидан анча юқумли ва ҳалокатли вирус пандемияси, хавфли патогенларнинг лабораториядан тасодифан тарқалиши ёки биологик қуролнинг қўлланиши каби сценарийлар киритилган.
Нега айнан Австралия?
Олимлар мамлакатларнинг глобал инқироз шароитида ҳаётий муҳим функциялар ва аҳоли фаровонлигини сақлаб қолиш имкониятларини ҳам баҳолаган.
Бунда тўртта асосий омилга эътибор қаратилган: географик жиҳатдан бошқалардан ажралганлик, ўзини ўзи таъминлай олиш қобилияти, бошқарув сифати ва қарор қабул қилиш тизимининг марказлашмаганлиги.
Барча омиллар ҳисобга олинганда, Австралия глобал фалокатларга нисбатан энг барқарор мамлакат сифатида қайд этилган.
Тадқиқотнинг етакчи муаллифи, германиялик эколог Флориан Улрих Йеннинг тушунтиришича, Австралиянинг оролда жойлашгани зарурат туғилганда ташқи дунёдан изоляцияланишни осонлаштиради.
Бундан ташқари, мамлакат катта ҳажмда озиқ-овқат ишлаб чиқаради, йирик ички саноат ва тоғ-кон секторларига эга. Австралиянинг иқтисодий имкониятлари ва нисбатан барқарор бошқарув тизими ҳам унинг глобал инқирозларга чидамлилигини оширади.
Бироқ Австралия ҳам ташқи дунёдан бутунлай мустақил эмас. Мамлакат ёнилғи, дори-дармон ва ўғитлар етказиб беришда халқаро савдога боғлиқ.
Яна қайси мамлакатлар рўйхатга кирган?
Глобал фалокатларга нисбатан барқарор давлатлар қаторига Янги Зеландия, Япония, Швейцария ва Аргентина ҳам киритилган.



