Тасаввур қилайлик, фуқаронинг мулкий низоси бор. Ёки у меҳнат ҳуқуқи бузилган деб ҳисоблайди. Балки давлат органининг қароридан норози. Эҳтимол, ўз конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун тегишли тартибда мурожаат қилмоқчи.

Қонун унга маълум бир ҳуқуқни бериши мумкин, лекин бу ҳуқуқдан қандай фойдаланиш, қаерга мурожаат қилиш, қандай ҳужжатларни тайёрлаш, ўз талабини қандай асослаш ёки зарур далилларни қандай тақдим этиш масаласи реал ҳаётда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб қолаверади.

Қонунда белгиланган ҳуқуқ ва ундан фойдаланиш имконияти

Ҳуқуқий давлат ҳақида гапирганда кўпинча қонунларнинг сифати, уларнинг инсон ҳуқуқларини кафолатлаши ҳақида сўз юритамиз. Бу, албатта, жуда муҳим. Аммо яхши қонуннинг ўзи етарли эмас. Чунки фуқаро ўз ҳуқуқидан фойдалана олмаса, назарий жиҳатдан мавжуд бўлган ҳуқуқ амалиётда ишлатилмаслиги мумкин.

Масалан, инсон судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга, бироқ даъво аризасини қандай тузишни билмайди. У давлат органининг қароридан шикоят қилиш ҳуқуқига эга, аммо белгиланган тартиб ва муддатлардан бехабар. Ёки ўз манфаатларини судда ҳимоя қилиш учун қандай далиллар зарурлигини тушунмайди.

Демак, масала фақат “ҳуқуқ борми?” деган саволда эмас. “Бу ҳуқуқдан амалда фойдаланиш имконияти қанчалик?” деган савол ҳам шунчалик муҳим.

Шу маънода юридик ёрдам тизими – ҳуқуқий давлатнинг кундалик ҳаётдаги энг муҳим механизмларидан бири.

Юридик ёрдам фақат адвокатлик масаласи эмас

Юридик ёрдам ҳақида гап кетганда, кўпинча биринчи навбатда адвокат кўз олдимизга келади. Бу табиий, адвокатура – ҳуқуқ ва қонуний манфаатларни ҳимоя қилиш тизимининг муҳим бўғини ҳисобланади. Бироқ замонавий юридик ёрдам тизимини фақат адвокатлик фаолияти билан чеклаш тўғри бўлмайди.

Фуқаро турли вазиятларда турли субектларнинг ҳуқуқий кўмагига муҳтож бўлиши мумкин. Масалан, суд, прокуратура, нотариат, давлат органларининг тегишли бўлинмалари, юридик хизматлар, бепул ҳуқуқий маслаҳат берувчи марказлар ва бошқа институтлар ўз ваколати доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.

Шунинг учун юридик ёрдам тизимига кенгроқ нуқтайи назардан қараш лозим. Асосий масала қайси идора ёки қайси касб эгаси ёрдам кўрсатаётганида эмас, балки фуқаро ўз муаммоси бўйича ўз вақтида, сифатли ва тушунарли ҳуқуқий кўмак ола билишидадир.

Энг катта муаммо – ҳуқуқий ёрдамга “кириш” имконияти