АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлигининг (CENTCOM) Яқин Шарқдаги раҳбари, адмирал Брэд Купер президент Доналд Трампга Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар вариантларини тақдим этди. Бу ҳақда The Wall Street Journal ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Хабарда айтилишича, учрашув Оқ уйда бўлиб ўтган. Муҳокамада, шунингдек, уруш вазири Пит Ҳегсет ва Қуролли кучлар бош штаб бошлиқлари қўмитаси раиси, генерал Дэн Кейн ҳам иштирок этган. Томонлар ҳарбий ҳаракатларни бошлаш вариантларини муҳокама қилишган.
Газетанинг ёзишича, Купернинг Трамп ҳузурига шахсан ташриф буюргани АҚШ Эронга қарши кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошлаш масаласини тобора жиддий кўриб чиқаётганидан далолат бериши мумкин.
Аввалроқ WSJ Вашингтон Форс кўрфазидаги қатор мамлакатларни Эронга қарши «қисқа муддатли ва жадал ҳарбий кампания»га тайёргарлик кўриш зарурлиги ҳақида огоҳлантиргани тўғрисида хабар берганди. Гап Конгрессга оралиқ сайловлар ўтказилганидан кейинги давр ҳақида бормоқда.
Ўз навбатида, Эрон икки ҳафта олдин янги огоҳлантириш билан чиқиб, агар АҚШ ёки Исроил Эронга яна ҳужум қилса, Теҳрон минтақадаги Америка манфаатларига алоқадор инфратузилма объектларига зарба бериши мумкинлигини маълум қилганди.

















