Дунё саноати янги ресурслардан куч олаётган бир даврда, волфрам глобал иқтисодиётнинг “энергия валютаcи” сифатида қадр топмоқда. Волфрам энергетика, яшил технологиялар, машинасозлик, авиация, автомобил, кимё саноати, космик технологиялар учун аҳамияти юқори бўлган стратегик келажак металли. Ҳозирда президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон технологик металлар комбинати (ТМК) волфрам соҳасида илғор технологиялар ва интеграциялашган ишлаб чиқариш моделлари орқали мамлакатни глобал волфрам майдонида ишончли ҳамкор сифатида позициялашга йўналтирилган комплекс лойиҳаларни амалга оширмоқда. Бу ҳақда ТМК матбуот хизмати хабар қилди.

Хусусан, жорий йилда ТМК Марказий Осиё бўйича Халқаро Волфрам ассоциациясига тўлақонли аъзо бўлган илк комбинатга айланди. Бу аъзолик жаҳон миқёсидаги етакчи ишлаб чиқарувчилар ва илмий марказлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш, замонавий технологик тенденциялар ҳамда халқаро стандартлардан фойдаланиш имконини берди.

ТМК бугун волфрам занжирининг барча – upstream, midstream ва downstream босқичларида фаол иш олиб бормоқда.
Upstream босқичи доирасида ТМК Самарқанд вилояти Нуробод туманида жойлашган Сарикўл волфрам конини очиш, Каттақўрғон шаҳридаги Ингичка конида техноген чиқиндиларни қайта ишлаш жараёнларини жадаллаштириш, шунингдек, Навоий вилояти Учқудуқ туманидаги Саутбай майдонида геологик-қидирув ишларини амалга оширмоқда. ТМК волфрам концентратларини бойитиш ва қайта ишлашни йўлга қўйиш бўйича ҳам халқаро компаниялар билан ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Жумладан, Сарикўл волфрам конини ўзлаштириш лойиҳаси ТМК томонидан амалга оширилаётган ноёб ва устувор жараён бўлиб, умумий саноат захиралари истиқболли майдонлар билан 30 минг тонна волфрам металлини ташкил этади. Ишлаб чиқариш мажмуаси йилига 1 миллион тоннaгача рудани қайта ишлаш қувватига эга бўлади. Натижада 65 фоизли халқаро сифат стандартларига тўлиқ жавоб берувчи волфрам концентрати олинади. Йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 4 минг тонна. Истиқболли майдонларни инобатга олган ҳолда коннинг ишлаш муддати 20 йилгача баҳоланмоқда. Лойиҳа доирасида 400 нафардан ортиқ мутахассис ва маҳаллий аҳоли вакиллари барқарор иш ўрни билан таъминланиши кўзда тутилган. Яъни ТМК ўз лойиҳалари орқали инсон капитали, иш ўринлари ва маҳаллий ривожланишга инвестиция киритишни ҳам мақсад қилган.

















