ТМК тасарруфидаги Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш заводида бошқарув раиси Фарҳод Абдуллаев ҳамда комбинат тизимида фаолият юритаётган ёшлар иштирокида “Раҳбар ва ёшлар” очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.
Унда ёш мутахассисларнинг касбий ўсиши, замонавий билим ва технологияларни эгаллаши, янги лойиҳаларда иштирок этиши, ташаббусларини амалиётга татбиқ этиши ҳамда келажакда бошқарув масъулиятини ўз зиммасига олиши масалалари муҳокама қилинди.

Фарҳод Абдуллаев: “Бу ерга сизларни эшитиш учун келдим”
Очиқ мулоқот аввалида Фарҳод Абдуллаев учрашувнинг асосий мақсади ёшларга маъруза қилиш эмас, балки уларнинг фикр ва таклифларини бевосита эшитиш эканини таъкидлади.
“Бугун бу ерга сизларга маъруза ўқиш учун эмас, сизларни эшитиш, фикр ва таклифларингизни билиш ҳамда ТМКнинг келажаги ҳақида биргаликда суҳбатлашиш учун келдим. Чунки ҳар қандай ташкилотнинг эртанги куни, аввало, унинг ёшларига боғлиқ”, — деди у.
Мулоқот давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган масалалар, иш жараёнида учраётган муаммолар, касбий ривожланиш имкониятлари ва янги ташаббуслар, хусусида тўғридан тўғри саволлар беришди. Таклифлар раҳбарият томонидан тингланиб, уларни кўриб чиқиш ва амалиётга жорий этиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Келтирилган маълумотларга кўра, заводнинг 352 нафари ёшлар бўлиб, Фарҳод Абдуллаев ушбу кўрсаткич ортида ҳар бир ёш ходимнинг тақдири, мақсади ва салоҳияти турганига урғу берди.
“Мен учун 352 нафар ёш оддий рақам эмас. Бу — 352 та тақдир, 352 та орзу, 352 та ғоя ва 352 та имкониятдир. Бугун ҳар бирингиз муҳандис, технолог ва турли йўналишлардаги мутахассис сифатида комбинат ривожига ҳисса қўшяпсиз. Ишонамизки, эртага орангиздан ТМК тараққиётига йўл кўрсатадиган янги авлод раҳбарлари етишиб чиқади”, — деди бошқарув раиси.
Унинг таъкидлашича, ёшларга фақат ходим сифатида эмас, балки ТМКнинг келажагини яратадиган асосий куч сифатида қараш зарур.

Билимни натижага айлантира оладиган мутахассисларга
эҳтиёж ортиб бормоқда
Учрашувда саноатдаги технологик ўзгаришлар мутахассисларга қўйиладиган талабларни ҳам янгилаётгани қайд этилди. Илгари эгалланган билимларни мунтазам равишда бойитиб бориш, хорижий тилларни ўрганиш, рақамли технологиялардан фойдаланиш ва касбий маҳоратни ошириш замонавий мутахассис учун муҳим мезонга айланаётгани таъкидланди.
















