Ўзбекистон | 11:21 / 21.11.2025
3692
2 дақиқада ўқилади

Мутахассислар Тошкент аҳолисини ҳаво ифлосланиши шароитида эҳтиёт чораларини кўришга чақирди

21 ноябр куни соат 09:00 ҳолатига кўра олинган мониторинг маълумотларига асосан, Тошкент шаҳри атмосфера ҳавосида PM2,5 майда дисперсли заррачалар миқдори рухсат этилган меъёрдан 3,1 баробар юқори қайд этилди. Шу муносабат билан мутахассислар аҳолини эҳтиёт чораларини кўриш, очиқ ҳаводаги фаолликни чеклаш ва ниқоб тақишга чақирмоқда.

2025 йил 21 ноябр куни соат 09:00 ҳолатига кўра атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторинги автоматик станциялари маълумотларига биноан, Тошкент шаҳрида ҳаво сифати кўрсаткичларида хавотирли ўзгариш қайд этилди.

Маълумотларга кўра, PM10 туридаги майда дисперсли заррачалар миқдори 267,3 мкг/м³ ни ташкил этди. Бу кўрсаткич рухсат этилган меъёр (REM — 300 мкг/м³)дан ошмаган.

Шу билан бирга, PM2,5 туридаги майда дисперсли заррачалар миқдори 187,2 мкг/м³ га етган. Бу эса белгиланган меъёр — 60 мкг/м³ дан 3,1 баробар юқори эканини кўрсатади. Мутахассислар айтишича, бундай ҳолат нафас йўллари ва юрак-қон томир тизимида муаммолари бор шахслар учун айниқса хавфли ҳисобланади.

Таъкидланишича, кўрсаткичларнинг ошишига ҳаво ҳароратидаги кескин ўзгариш ҳам таъсир қилган. Ҳарорат ўзгариши инверсия жараёнини келтириб чиқаради, натижада майда заррачалар ҳавонинг пастки қатламларида тўпланиб, атмосферада уларнинг концентрацияси ошади.

Мутахассислар республика аҳолиси, айниқса пойтахтда яшовчи фуқаролар ва меҳмонлардан қўшимча эҳтиёт чораларини кўришни сўрамоқда. Жумладан:

  • очиқ ҳаводаги фаолиятни, айниқса югуриш, спорт билан шуғулланиш каби жисмоний юкламаларни вақтинча қисқартириш;
  • имкони борича уй ёки ишхона биноларида қолиш, зарурат туғилгандагина ташқарига чиқиш;
  • кўчага чиққанда ниқоб тақиш, болалар, кексалар ва сурункали касаллиги бор шахсларни иложи борича ҳаводан ҳимоя қилиш тавсия этилмоқда.

Шу билан бирга, аҳолига расмий манбалар орқали эълон қилинадиган ҳаво сифатига оид маълумотларни мунтазам кузатиб бориш, соғлиқ билан боғлиқ шубҳали ҳолатларда шифокорларга мурожаат этиш тавсия этилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид