Қозоғистоннинг Ақтўбе областида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Ўзбекистоннинг икки нафар фуқароси ҳалок бўлди. Ўзбекистон ФВВ хабарида қайд этилишича, воқеа 7 декабр куни соат 08:57 да Айтекеби районидан ўтган республика аҳамиятидаги автомобил йўлининг 1028-километрида содир бўлган. Перм – Тошкент йўналишида ҳаракатланган Yutong йўловчи автобуси ён томонга ағдарилган.
ЙТҲ оқибатида автобусда бўлган 49 нафар йўловчидан 5 нафари вафот этган, улардан 2 нафари Ўзбекистон фуқароси бўлган.
Вазирлик масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда ишчи гуруҳ тузган ҳолда вафот этганларни ватанга олиб келиш ва дафн маросимларини ўтказишда ёрдам кўрсатиш бўйича барча зарур чоралар кўраётганини билдирди.
«Ҳозирда масъул ходимлар қозоғистонлик ҳамкасблари билан доимий алоқада бўлиб, бахтсиз ҳодисанинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш бўйича ҳамкорлик ишларини олиб бормоқда», – дейилади хабарда.










