Ўзбекистон | 13:33 / 10.12.2025
808
2 дақиқада ўқилади

Озиқ-овқат хавфсизлиги учун доимий интервенция тизими жорий этилади

Президент Шавкат Мирзиёев тез ўзгариб бораётган шароитда бозорлардаги нарх-наво барқарорлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш доимий эътиборда бўлиши шартлигини таъкидлади. Шу мақсадда озиқ-овқат бозорига давлат интервенциялари йил давомида амалга ошириладиган янги тизим жорий этилиши маълум қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари куз-қиш мавсуми учун асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари захираларини яратиш ишлари олиб борилаётганини қайд этар экан, энди бу иш йилнинг барча фаслларида давом эттирилиши, нархлар барқарорлигини таъминлаш учун доимий интервенция механизми ишга туширилишини айтди.

Яқинда озуқабоп, мойли экинлар ва картошка етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги молиявий механизмлар эълон қилингани ҳам эслатиб ўтилди. Жумладан:

келгуси йилда фермерларга 2025 йилда олган ҳосили қийматининг 50 фоизи миқдорида Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан 12 фоизли кредит ажратилади;
хорижий валютадаги кредитлар бўйича 8 фоиздан ошган фоиз ставкаси давлат томонидан қоплаб берилади;
кредитларнинг 50 фоизгача қисмига давлат кафолати (кафиллик) тақдим этилади.

Шунингдек, ҳар йили «ин-витро» лабораторияларда вирусдан холи 10 миллиондан ортиқ картошка мини-туганаклари тайёрланиб, уруғчилик хўжаликларига бепул берилиши белгиланган. Бу чоралар ички бозорни сифатли уруғ ва маҳсулот билан таъминлаш, импортга боғлиқликни камайтириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилгани таъкидланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид