Қуйида сўз борадиган беш сир афсона ёки гумонларга асосланмаган. Уларнинг ҳар бири ишончли манбалар тасдиқлаган реал воқеалар билан боғлиқ бўлиб, одамзод қанча уринмасин, тарих ҳар доим ҳам ўз сирларини очавермаслигини эслатади.
Клеопатра ва Македониялик Александрнинг қабрлари


Кўп асрлик қидирувларга қарамай, антик даврнинг энг машҳур икки ҳукмдори — Миср қироличаси Клеопатра VII ва Македониялик Александрнинг дафн қилинган жойи ҳануз номаълум. Қадимги манбалар Клеопатра Марк Антоний билан бирга Искандария яқинидаги қироллик мақбарасида кўмилганини айтади. Бироқ зилзилалар, ернинг чўкиши ва Ўрта Ер денгизида сув сатҳининг кўтарилиши қадимги шаҳар қиёфасини кескин ўзгартириб юборган.
Милоддан аввалги 323 йилда вафот этган Македониялик Александрнинг жасади замондошлар гувоҳлигига кўра Мисрга олиб кетилган ва Искандарияда дафн этилган, гўёки унинг қабрини Рим императорлари ҳам зиёрат қилган. Кечки антик давр охирига бориб, бу қабр ҳақидаги эслатмалар бутунлай йўқолади.
Искандария ва унинг атрофидаги жойларда — масалан, Тапосирис-Магна ҳудудида олиб борилган археологик ишлар умидли, аммо якуний бўлмаган топилмалар берган. Шаҳар қурилиши, талон-торожликлар ва муҳит ўзгаришлари, эҳтимол, мақбараларни йўқ қилган ёки шу қадар чуқур яширганки, бугун уларнинг аниқ жойини тиклаш жуда қийин. Тарихчилар ҳали ҳам бу қабрлар сақланиб қолганми ёки абадий йўқолганми — ишонч билан айта олмайди.
Роанокнинг йўқолган колонияси — Америка

Ҳозирги Шимолий Каролина соҳиллари яқинидаги Роанок оролида 1587 йилда асос солинган бу колония Англиянинг Шимолий Америкада доимий аҳоли пункти барпо этиш йўлидаги илк жиддий уриниши бўлган. Губернатор Жон Уайт уч йилдан кейин Англиядан озиқ-овқат ва захиралар билан қайтганида, колония бутунлай ташлаб кетилган бўлиб чиққан. Ҳеч қандай жасадлар топилмаган, зўравонлик излари ҳам йўқ эди.
Ягона “илинж” — устунда ўйиб ёзилган CROATOAN сўзи бўлган. Бу қўшни орол номи бўлиб, у ерда маҳаллий туб аҳоли яшаган. Археологик далиллар колониячилар озиқ-овқат танқислиги, касалликлар ёки қўшнилар билан кескин муносабатлар сабаб тарқалиб кетгани ва қисман маҳаллий аҳоли орасида ассимиляция бўлгани мумкинлигини кўрсатади.







