Археологик тадқиқотлар тарихнинг ҳали очилмаган сирлари жуда кўп эканини яна бир бор намоён этмоқда. Олимлар томонидан турли мамлакатларда амалга оширилган қазишмалар ва замонавий технологиялар ёрдамида қўлга киритилган янги далиллар бир қатор тарихий назарияларни қайта баҳолашга олиб келди.

Викинглар Америкага Колумбдан аввал борган

Узоқ йиллар давомида Христофор Колумб 1492 йилда Америкага етиб борган биринчи европалик деб ҳисобланиб келинган. Бироқ Канаданинг Нюфаундленд оролида аниқланган ЛʼАнс-о-Медоуз номли викинглар манзилгоҳи бу қарашни ўзгартирди.

1960-йилларда норвегиялик тадқиқотчилар Ҳелге ва Анне Стине Ингстад томонидан ўтказилган қазишмалар ушбу ҳудуд ҳақиқатан ҳам скандинав денгизчилари яшаган манзилгоҳ бўлганини исботлади. Кейинчалик Nature журналида эълон қилинган тадқиқот ёғоч ҳалқалари таҳлили орқали викинглар бу ерда милодий 1021 йилда бўлганини аниқлади. Бу эса Колумбдан қарийб 470 йил аввал европаликлар Америка қитъасига етиб келганини тасдиқлайди.

Пирамидаларни қуллар эмас, касб эгалари қурган

Мисрнинг буюк пирамидалари ҳақидаги энг машҳур афсоналардан бири — уларни минглаб қуллар барпо этгани ҳақидаги қараш эди.

1990 ва 2010 йилларда амалга оширилган археологик қазишмалар эса пирамидалар яқинидан қурилишда иштирок этган ишчиларнинг қабрлари ва улар яшаган қишлоқ қолдиқларини очди. Қабрларда нон, дафн буюмлари топилгани улар эркин инсонлар бўлганини кўрсатди.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, пирамидаларни махсус тайёрланган ишчилар бригадалари қурган. Улар навбат билан меҳнат қилган ва давлат томонидан таъминланган.

Набатейлар подшолиги харобалари / © Wikimedia Commons

Рим қўшинлари Арабистон ичкарисига ҳам кирган бўлиши мумкин

Узоқ вақт давомида тарихчилар Рим империяси Арабистон яриморолининг ички ҳудудларини босиб олмаган, деб ҳисоблаб келган.

Бироқ 2023 йилда Оксфорд университети олимлари Google Earth сунъий йўлдош суратлари орқали Саудия Арабистони ва Иордания чегараси яқинида учта Рим ҳарбий лагери қолдиқларини аниқлади.