Тошкентда фуқароларга халқаро SAT сертификатини ноқонуний олиб бериш билан шуғулланган гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.

SAT — университетларга ўқишга киришда абитуриентнинг математика, ўқиш ва ёзиш кўникмаларини баҳолаш учун қўлланиладиган халқаро стандартлаштирилган тест. SAT бўйича юқори натижа айрим олий таълим муассасаларига қабул жараёнида муҳим аҳамиятга эга бўлиши мумкин.

ДХХ маълумотига кўра, гуруҳ аъзоларининг аксарияти Европадаги нуфузли университетнинг Тошкентдаги филиали талабалари бўлган. Яна бир гумонланувчи Осиёдаги давлат университетининг пойтахтдаги филиалида таҳсил олган.

Улар Янгиҳаёт туманидаги хусусий мактаб биносида «бункер» ташкил қилган. IT соҳасига ихтисослашган корхона мутахассиси яширин тарзда тизимга кириб, тест саволларини ишлаш имкониятини яратган. Гуруҳ аъзолари эса масофадан туриб талабгорлар ўрнига саволларни ечиб берган.

Гуруҳ аъзоларидан бири SAT сертификатини олмоқчи бўлган беш нафар фуқаронинг ҳар биридан 1,5 минг доллардан талаб қилган. Талабгорлардан бирининг пули криптоҳамён орқали олинган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.