Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
2025 йилда бозор хизматлари ҳажми илк бор 1 квадриллион сўмдан ошди
2025 йил январ–декабр ойларида Ўзбекистонда кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 1,05 квадриллион сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 14,7 фоизга юқори.
Миллий статистика қўмитаси эълон қилган дастлабки маълумотларга кўра, 2025 йилда мамлакатда кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 1 050,3 трлн сўмга етиб, илк бор 1 квадриллион сўм чегарасидан ошди. Бу эса хизматлар соҳасида барқарор ўсиш кузатилаётганини кўрсатади.
Қайд этилишича, мазкур кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 14,7 фоизга ошган (2024 йилда — 840,1 трлн сўм). Ўсиш динамикаси сўнгги йилларда изчил давом этмоқда:
- 2023 йилда — 664,8 трлн сўм;
- 2022 йилда — 509,6 трлн сўм;
- 2021 йилда — 389,4 трлн сўм.
Ҳисоб-китобларда норасмий ва яширин иқтисодиётни баҳолаш бўйича статистик кузатувлар натижалари ҳам инобатга олинган, бу эса кўрсаткичларнинг янада реал акс этишини таъминлайди.
Бозор хизматлари ҳажмининг ошиши савдо, транспорт, алоқа, молиявий хизматлар, туризм ва маиший хизматлар соҳалари фаоллашгани билан боғлиқ бўлиб, мамлакат иқтисодиётида хизматлар секторининг улуши тобора ортиб бораётганини англатади.