Блогер Нилуфар Ҳамидова маъмурий жазога тортилди. Тошкент шаҳар судлари иш юзасидан расмий ахборот берди.

Маълум қилинишича, бугун жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судида 48 ёшли Нилуфар Ҳамидовага нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик иши кўриб чиқилган. Суднинг қарори билан у Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) бўйича айбли деб топилган.

Нилуфар Ҳамидовага бу қилмиши учун 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Аввалроқ блогернинг Тошкент кўчаларида олиб, ижтимоий тармоқларда тарқатган видеолавҳаси эътирозларга сабаб бўлганди. У видеолавҳа орқали нимани реклама қилгани ёки нима демоқчи бўлгани маълум эмас.

Ҳолат юзасидан ички ишлар органлари суриштирув ўтказиб, блогернинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берган. Унинг ўзи қилмиши учун кечирим сўраган. “Узр сўрайман. Бошқа бунақа контентларни чиқармайман”, деган у.

Апрел ойида Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги 48-сонли мактабда Нилуфар Ҳамидова иштирокида ўтказилган тадбир ҳам эътирозларга сабаб бўлганди. Шундан сўнг Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолат юзасидан расмий муносабат билдириб, масъул шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш бўйича ўрганиш ишлари олиб борилаётгани ҳамда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилишини маълум қилганди.