Жаҳон | 07:32
5389
3 дақиқада ўқилади

Газдаги “катта учлик”: захираларнинг ярмидан кўпи қайси давлатлар қўлида?

Табиий газ жаҳон энергетикасида муҳим ўрин тутади: у электр энергияси ишлаб чиқариш, уйларни иситиш ва саноат ишини таъминлаш учун қўлланади. Бироқ унинг кенг қўлланишига қарамай, дунёдаги табиий газ захиралари жуда нотекис тақсимланган.

Фото: AP

Ушбу инфографикада мамлакатлар табиий газнинг исботланган захиралари ҳажми бўйича сараланган; кўрсаткич триллион куб футда ўлчанади. Маълумотлар манбаи — Энергетика институти тайёрлаган Statistical Review of World Energy 2025 ҳисоботидир.

Атиги учта давлат — Россия, Эрон ва Қатар дунёдаги исботланган табиий газ захираларининг ярмидан ортиқ қисмини ўз қаърида жамлаган.

Етакчи учликдан ташқари, Туркманистон, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ва Ироқ каби мамлакатлар Яқин Шарқ ва Марказий Осиёнинг глобал “газ харитаси”даги ўрнини янада мустаҳкамламоқда. Бу ҳудудлар катта ҳажмдаги ва нисбатан арзон ўзлаштириладиган захираларга эга бўлиб, бу уларга узоқ муддатли қазиб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ва суюлтирилган табиий газ (СТГ) бозорида ҳал қилувчи ўйинчи бўлиб қолиш имконини беради.

АҚШ дунёда бешинчи ўринни эгаллайди — бу охирги икки ўн йил ичидаги “сланец инқилоби”нинг таъсирини акс эттиради.

Хитой ҳам энг катта газ захираларига эга давлатлар қаторига киради, бироқ ички талабнинг улканлиги сабаб, ҳатто сезиларли ресурслар мавжуд бўлган тақдирда ҳам мамлакат импортга кучли даражада боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Захиралари нисбатан камроқ бўлган давлатлар — жумладан Норвегия, Буюк Британия ва Нидерландия барибир ривожланган инфратузилма ва йирик истеъмол бозорларига яқинлиги туфайли минтақавий даражада муҳим рол ўйнайди. Шунга қарамай, Европада бир қатор мамлакатларнинг захиралари қисқариб бораётгани қитъанинг импорт газига қарамлиги ортиб бораётганини кўрсатади.

Ўзбекистон ҳам табиий газ захиралари билан бой мамлакатлардан бири. Мамлакатнинг исботланган табиий газ захиралари ҳажми тахминан 1,8–1,97 триллион куб метр атрофида баҳоланади, бу эса Ўзбекистонни дунёда 20-25-ўринлар атрофида туришини кўрсатади.

Бу газ захиралари мамлакатнинг энергетика таъминоти ва саноат учун мустаҳкам базани беради, ҳамда узоқ муддатли фойдаланиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон газни нафақат ички эҳтиёж учун истеъмол қилади, балки қўшни мамлакатларга ҳам экспорт қилади. Мамлакатда кўплаб газ конлари мавжуд бўлиб, энг йирикларидан бири — Газли майдонидир.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид