23 январ куни Самарқандда Milliy AI Hackathonʼнинг минтақавий финал босқичи бўлиб ўтди. Танловда вилоятнинг ёш мутахассислари тиббиёт, таълим, тадбиркорлик, киберхавфсизлик, ноқонуний моддалар айланмасига қарши курашиш каби жамиятнинг муҳим соҳаларидаги долзарб муаммоларни сунъий интеллект ёрдамида ҳал қилишга қаратилган лойиҳалари билан иштирок этди. 

Хусусан, ижтимоий тармоқларда гиёҳвандлик воситаларининг яширин рекламасини аниқлаш, талабалар учун менторлик платформалари, шунингдек, касалликларни ташхислашни автоматлаштириш тизимлари ҳакамлар эътиборига ҳавола этилди. 

Иштирокчилар ўз лойиҳалари устида “Uzum” миллий рақамли экотизими ва мамлакатнинг бошқа етакчи IТ-компаниялари мутахассисларидан иборат менторлар жамоаси кўмагида ишлади. 

Бу жараён ёшларга тажрибали экспертлардан амалий кўникмаларни ўрганиш имконини берди. Ҳакамлар ҳайъати жамоаларни техник тайёргарлик даражаси, лойиҳанинг бозор талабларига мослиги ва долзарблиги бўйича баҳолади. Дастлабки босқичлардан муваффақиятли ўтган 25 та энг яхши лойиҳа минтақавий финалда беллашди.

● Таълим йўналишида: “AI-club” жамоаси (Абитуриентларни олий ўқув юртларига киришга тайёрлашга кўмаклашувчи AI-ментор лойиҳаси); 
● Тадбиркорлик йўналишида: “Ёш дастурчи” жамоаси (Тадбиркорлар учун давлат имтиёзлари ва қўллаб-қувватлаш чораларини топиб берувчи AI-платформа); 
● Тиббиёт йўналишида: “21” жамоаси (Хусусий клиникалар учун онлайн рўйхатга олиш, бирламчи диагностика ва бемор ҳолатини доимий таҳлил қилиш тизими);
● Киберхавфсизлик йўналишида: “Unit coders” жамоаси (Файл ва хабарларни офлайн режимда таҳлил қилиб, кибертаҳдидларни олдиндан аниқловчи ҳимоя ечими); 
● Ноқонуний моддалар айланмаси назорати: “Cyber team” жамоаси (Ижтимоий тармоқларда тақиқланган моддалар савдоси ва хавфли контентни эрта аниқлаш лойиҳаси). 

Мазкур лойиҳа Рақамли технологиялар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, IT Park Uzbekistan, AICA, ML Community ҳамда Uzinfocom ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Тадбирнинг бош ҳомийси — Uzum миллий рақамли экотизими.