Вазирнинг 1 ноябрда билдиришича, бу масала учинчи «Россия — Африка» саммити доирасида Путиннинг Гана президенти Жон Драмани Маҳама билан Кремлдаги учрашувида муҳокама қилинган. Маҳама ўз фуқароларининг урушга жалб қилинаётганидан хавотир билдирган.
«Бу тақиқ иштирок этишнинг барча ҳолатларини — ҳам ноқонуний ёллашни, ҳам ўз хоҳиши билан қўшилишни қамраб олади», — деган Аблаква.
Аввалроқ БМТнинг Украинадаги уруш давомида содир этилган жиноятларни текширувчи мустақил халқаро комиссияси Россияни хорижликларни алдаб фронтга юбориш билан боғлиқ одам савдосида айблаган эди. Комиссия маълумотларига кўра, камида 29 мамлакатдан ўнлаб эркаклар бундай ҳаракатлар қурбони бўлган.
«Важные истории» нашри 2026 йил февралда ганалик Келвин Эжире ҳақида хабар берган. Нашрга кўра, у дастлаб Россия армиясида хизмат қилган, кейин эса ҳамюртлари орасида Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузишни тарғиб қила бошлаган.
DW келтирган Украина ҳукумати маълумотларига кўра, Россия 135 мамлакатдан 28 мингдан ортиқ хорижликни урушга ёллаган. Уларнинг беш мингдан зиёди ҳалок бўлгани билдирилган. Шунингдек, Украинада камида 213 нафар хорижлик ҳарбий асир сифатида сақланган, уларнинг 37 нафари Африка мамлакатлари фуқаролари бўлган.
Кения ҳукумати Киевдан асирга тушган ўз фуқароларини одам савдоси жабрланувчилари сифатида тан олишни сўраган. Кения томонининг билдиришича, бу одамлар урушга алдов йўли билан жалб қилинган.
Bloomberg эса Жанубий Африка Республикасининг собиқ президенти қизи Дудузила Зума-Самбудланинг ЖАР ва Ботсвана фуқароларини ёллашга алоқадор бўлгани ҳақида хабар берган. Нашр маълумотига кўра, у фуқароларга тан соқчилар тайёрлаш курсларига юборилишини, кейинчалик эса отасининг партиясида ишлашини ваъда қилган.












