Ўзбекистонда 1 январдан 2–3 ёшли фарзандини оилавий боғчага берган ишли оналарнинг бадал пули бюджет ҳисобидан қопланади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва мураббийлар билан учрашувда маълум қилди.

«Аёллар ишли бўлса, оилага қўшимча даромад киради, болаларнинг билим олишига кўпроқ шароит яратилади», – деди президент.

Учрашувда боғча тарбиячиларига ишлаб туриб олий маълумот олиш имкони яратилгани қайд этилди. 2026 йил уларнинг 7 минг нафари олийгоҳга кирган: ҳафтада беш кун ишлаб, бир кун ўқимоқда.

Келаси ўқув йилидан тарбиячилар учун педагогика олийгоҳларидаги ўқиш муддати тўрт йилдан уч йилга қисқаради. Боғчада камида беш йил ишлаган тарбиячи ёрдамчилари ҳам бу имкониятдан фойдаланиши мумкин.

«Боғча боланинг қобилияти кашф этиладиган, зеҳни очиладиган масканга айланиши зарур», – деди президент.

Италия, Буюк Британия, Германия, Сингапур ва Хитой тажрибаси асосида миллий қадриятларга мос дастур ишлаб чиқилди. 180 минг тарбиячи ва педагог янги методика бўйича ўқитилмоқда.

Ўйин орқали таълим беришга қаратилган дастур ҳозир боғчаларнинг 30 фоизида амал қилади. Йил якунига қадар у 38 мингдан ортиқ боғчанинг барчасига жорий этилади.

Тошкентда UNESCO шафелигида Болаларни эрта ёшдан таълимга жалб қилиш минтақавий маркази ва Италиянинг Режжио Эмилия маркази иш бошлади. Улар халқаро стандартлар ва инновацион ечимларни жорий этиш, ўйин орқали таълим бўйича амалий қўлланмалар тайёрлашга хизмат қилади.

Ҳар йили 50 нафар илғор тарбиячи хорижда стажировка ўтайди, барча боғчалар учун 100 та видеоконтент тайёрланади. Уч йиллик дастур асосида давлат боғчалари электрон доска, компьютер ва рангли принтер билан жиҳозланади.