Ўзбекистон | 10:40
1103
4 дақиқада ўқилади

Бухоро биенналеси Art Basel Qatar майдонида тақдим этилди

Қатар пойтахти Доҳада ўтган Art Basel Qatar халқаро санъат ярмаркаси доирасидаги панел муҳокамада Ўзбекистон вакиллари иштирок этди. Мазкур сессияда Бухоро биенналеси шаҳар билан ишлашга асосланган янги маданий модел сифатида халқаро экспертлар муҳокамасига тақдим этилди.

Креатив иқтисодиёт ва туризм департаменти раҳбари, Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаянэ Умерова Art Basel Qatar кўргазмаси доирасида ўтказилган Art Basel Conversations дастурида иштирок этди.

5 феврал куни Qatar Creates Talks × Art Basel Conversations жамоатчилик дастури доирасида ўтказилган тадбирда Қатар, Ўзбекистон ва Туниснинг етакчи маданий институтлари вакиллари замонавий биеннале форматлари, кўргазма амалиётининг янги ёндашувлари ҳамда санъатнинг жамоатчилик билан мулоқот механизмлари ҳақида гаплашишди. «Рубайя, Бухоро ва Джау: янги платформалар, янги имкониятлар» мавзусидаги панел сессияда муҳокамасида Умерова билан бир қаторда «Rubaiya Qatar» жамғармаси директори Шайха Ал-Ануд Ал Тани, «Jaou Tunis» биенналеси асосчиси ва «Kamel Lazaar» жамғармаси вице-президенти Лина Лазаар ҳам иштирок этди.

Муҳокамада Бухоро биенналеси урбан трансформацияга қаратилган узоқ муддатли институционал модел сифатида алоҳида таъкидланди. Бу ташаббус фақат даврий кўргазма формати билан чекланмайди, у тарихий шаҳарни ривитализация қилиш, маданий инфратузилмани қайта фаоллаштириш ва барқарор ривожланиш механизмларини шакллантиришга йўналтирилган.

Биеннале шаҳар муҳити билан бевосита ишлайди: лойиҳалар мавжуд меъморий мерос, ҳунармандчилик анъаналари ва маҳаллий жамоалар билан ҳамкорлик асосида амалга оширилади. Бу ёндашув санъатни институционал маконлардан чиқариб, уни урбан ҳаётнинг ажралмас қисмига айлантиришни, жамоатчилик иштирокини кучайтиришни ва маданий меросни замонавий маъно билан бойитишни мақсад қилади. Ўзбек биенналеси маданий тадбир сифатида эмас, балки шаҳарни комплекс ривожлантиришга хизмат қиладиган стратегик платформа сифатида тақдим этилди.

 Ёдингизда бўлса, 2025 йил сентябрдан ноябргача ўтказилган Бухоро биенналеси 1,8 миллиондан ортиқ меҳмонларни ўзига жалб қилган. Бу эса тарихий марказни тиклашга қаратилган кенг қамровли дастурга туртки бўлиб хизмат қилади. Дастур доирасида Маданий ҳудуд барпо этиш ва мерос объектларини узоқ муддатли жамоатчилик фойдаланишига мослаштириш ишлари амалга оширилмоқда. 2026 йил март ойида очилиши режалаштирилган Тошкент замонавий санъат маркази, тадқиқот лойиҳалари ҳамда ЮНЕСКО билан ҳамкорлик дастурлари ҳам дастурнинг бир қисми ҳисобланади.

Art Basel Qatar каби нуфузли халқаро майдонда ушбу тажрибанинг тақдим этилиши Ўзбекистон учун бир нечта стратегик имкониятларни очади. Аввало, мамлакат замонавий санъат ва маданий сиёсат соҳасида глобал мулоқот иштирокчиси сифатида намоён бўлади. Иккинчидан, халқаро кураторлар, музейлар ва коллекционерлар билан ҳамкорликни кенгайтириш имкони пайдо бўлади. Шунингдек, маданий ташаббуслар орқали туризм салоҳиятини ошириш ва Ўзбекистоннинг ижобий халқаро имижини мустаҳкамлашга хизмат қилиши мумкин.

Маълумот учун, Art Basel – халқаро замонавий санъат ярмаркаси бўлиб, 1970 йилда Базел шаҳрида ташкил этилган. Бугунги кунда у турли қитъаларда ўтказилиб, галереялар, коллекционерлар ва музейлар учун нуфузли платформа ҳисобланади.

Art Basel Qatar – мазкур ярмарканинг Яқин Шарқдаги илк формати бўлиб, Қатарнинг маданий стратегияси доирасида амалга оширилмоқда. Дастур кўргазмалар, очиқ мулоқотлар ва профессионал муҳокамаларни ўз ичига олади.