Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
The Washington Post бош директори лавозимини тарк этмоқда
The Washington Post (WP) газетасининг бош ижрочи директори Уилям Люис ўз лавозимини тарк этмоқда. Бу ҳақда газета ходимларига йўлланган мурожаатда айтилади, уни Оқ уй вакили Мэтт Вайзер эълон қилди. Бу хабардан олдин таҳририятда ишлаётган 800 журналистдан 300 тадан ортиғини ишдан бўшатиш ҳақида қарор қабул қилинган эди.
Фото: AP
“Мен лавозимда бўлган давримда The Post’нинг барқарор келажагини таъминлашга қаратилган қийин қарорлар қабул қилинди — у яна кўп йиллар давомида ҳар куни миллионлаб ўқувчилар учун юқори сифатли, холис янгиликларни эълон қила олиши учун”, — деди Вайзер.
Уилям Люис илгари Dow Jones’нинг бош директори, The Wall Street Journal’нинг нашр этувчиси бўлган, у WP'даги лавозимга 2023 йилда, нашр катта молиявий йўқотишлар кўраётган бир пайтда тайинланган эди. У тахминан ўн йилча нашр этувчи ва бош директор бўлиб ишлаган Фред Райаннинг ўрнини эгаллаган.
WP хабар қилишича, миллиардер Жефф Безосга тегишли газета молиявий директори Жефф Д’Онофрио вақтинча бош директор вазифасини бажаради. Д’Онофрио 2025 йил июн ойида Google, Yahoo ва бошқа компанияларда турли лавозимларда ишлагандан сўнг газетада иш бошлаган.
Бундан олдин The Washington Post ўз ходимларининг тахминан 30 фоизини ишдан бўшатган. Безос газета эгаси бўлган дастлабки саккиз йил давомида бизнес кенгайган, аммо сўнгги пайтларда ҳолат унчалик яхши эмас.
Хорижий мухбирларнинг бутун бир қисми, жумладан Украина ва Яқин Шарқда ишлаган журналистлар ҳам ишдан бўшатилди. Спорт бўлими ҳамда китоблар ва китоб нашри ҳақидаги рукн тўлиқ бекор қилинди.
Газетанинг бош муҳаррири Мэтт Мюррейнинг айтишича, нашр “бошқа бир даврга ҳаддан ташқари боғланиб қолган — ўша пайтларда биз маҳаллий босма ОАВ сифатида устун эдик”. Унинг сўзларига кўра, генератив сунъий интеллектнинг ўсиши таъсири ҳам бўлган ҳолда, онлайн-қидирувдан келадиган трафик сўнгги уч йилда деярли икки бараварга камайган.
2024 йилги президентлик сайловлари арафасида Люис Безоснинг янги сиёсатини эълон қилган эди: унга кўра, WP таҳририят кенгаши президентликка номзодларни қўллаб-қувватлаш амалиётини тўхтатди. Натижада нашр Демократик партия номзоди Камала Ҳаррисни қўллаб-қувватламади. Бунинг жавобан юз минглаб ўқувчилар обуналарини бекор қилган.