«Бу компаниялар мақсадли равишда машина яратди, у бола миясида қарамликни келтириб чиқаради», деди 9 феврал куни судда даъвогарнинг адвокати. BBC унинг сўзларидан иқтибос келтирди.
Даъвогарнинг исми ва фамилияси тўлиқ кўрсатилмаган (Кейли Г.М.), чунки даъво қўзғатилаётган даврда у вояга етмаган эди, ҳозир у 20 ёшда.
У дастлаб яна иккита ижтимоий тармоқ - Snapchat ва TikTok платформаларига қарши даъво қўзғатди, бироқ улар январ ойида у билан судгача бўлган келишувларни имзолади.
Instagram ва YouTube платформаларига эгалик қилувчи Meta ва Google компаниялари адвокатлари қиздаги оғриқли қарамлик ижтимоий тармоқларнинг ишлаш усуллари туфайли эмас, балки унинг оиласидаги муаммолар оқибатида юзага келганини исботламоқчи.
Шу пайтгача ижтимоий тармоқларга эгалик қилувчи компаниялар 1996 йилдаги «Алоқа тизимларида одоб-ахлоқ қоидалари тўғрисида»ги қонунга асосланиб, платформалар учинчи шахслар жойлаштирган контент учун жавобгар эмас, деган қоидани рўкач қилиб келган. Аммо ҳозирги даъво бошқа нарса ҳақида: одамларнинг ушбу тармоқлардан фойдаланишига таъсир қилувчи ижтимоий тармоқларнинг интерфейси, алгоритмлари, хабарлари ва бошқа жиҳатлари ҳақида.
Шу сабабли, Лос-Анжелесдаги ушбу суд жараёнининг натижаси бутун Қўшма Штатлар бўйлаб бошқа даъвогарлар, уларнинг қариндошлари, мактаб таълими идоралари ва штат бош прокурорлари томонидан берилган минглаб шунга ўхшаш даъволарни кўриб чиқадиган судялар учун, шу жумладан пул компенсацияси бўйича ҳам йўл-йўриқ бўлиши мумкин.

Шундай ишлардан бири бўйича яқинда 29 та штатнинг бош прокурорлари Калифорниядаги федерал судга Meta компаниясига иш усулларини зудлик билан ўзгартиришни буюриш кўринишидаги таъминлаш чорасини кўриш тўғрисида илтимоснома киритди.
Улар судядан Meta компаниясига 13 ёшдан кичик бўлган Instagram ва Facebook фойдаланувчиларининг барча аккаунтларини ўчириб ташлаш, компания ушбу фойдаланувчилар ҳақида тўплаган барча маълумотларни ўчириб ташлаш, шунингдек, ушбу маълумотлардан фойдаланадиган алгоритмлар ва сунъий интеллект элементларини ўчириб қўйишни буюришни сўрамоқда.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги штат қонунларига асосланган яна бир даъво бўйича 18 та штат бош прокурорлари суддан Meta компаниясидан ёш фойдаланувчиларга дарс пайтида ва тунда интернетга киришни тақиқлашни, уларнинг фикрича, қарамликни келтириб чиқарадиган дизайн элементларини, яъни лентани чексиз пастга варақлаш ва видеони автоматик равишда ижро этиш имкониятини ўчириб қўйишни буюришни сўради. Бундан ташқари, улар суд компанияга фотосуратларни яхшилайдиган ва прокурорларнинг фикрига кўра, инсон гўзаллиги ҳақидаги тасаввурларга таъсир қиладиган филтрларни ўчириб қўйишни буюришини талаб қилди.











