Meta корпорацияси асосчиси Марк Цукерберг манифест эълон қилиб, унда сунъий интеллектни (СИ) ривожлантириш борасидаги ўз қарашлари билан ўртоқлашди. Бу ҳақда Axios хабар бермоқда. Унинг таъкидлашича, сунъий интеллект ривожланишининг жамият учун асосий хавфи — бу технология устидан бир ташкилот ёки мамлакатнинг ҳаддан ташқари катта назоратни қўлга киритишидир.
Цукерберг ўз манифестида, хусусан, СИ борасидаги аксарият таҳдидлар бўрттирилганини ва бу технологиянинг ижобий имкониятлари етарлича баҳоланмаётганини айтади. Шунингдек, у сўнгги пайтларда дастурчилар тез-тез дуч келаётган моделларни чиқаришдан олдинги тартибга солишдан фарқли ўлароқ, моделларни ривожлантиришнинг дастлабки босқичларида компанияларнинг давлатлар билан ҳамкорлик қилишини қўллаб-қувватлашини қайд этди.
Цукерберг ўз манифестини Meta ўзининг очиқ кодли Muse Glimmer номли СИ-моделини тақдим этган куннинг ўзида эълон қилди. Бундай моделларда турли параметрлар ва маълумотлар ҳамма учун очиқ бўлиб, фойдаланувчилар уларни юклаб олиши мумкин. Muse Glimmer сўнгги даврдаги энг илғор моделлардан анча кучсизроқ, бироқ у СИ тизимларини бевосита фойдаланувчи қурилмаларида ишга тушириш имконини беради.
Цукерберг яна бир бор очиқ кодли моделларни, шунингдек, «дистиллаяция» деб аталувчи имкониятни — яъни СИ-моделларини бошқа, кучлироқ моделлар асосида мақсадли ўқитиш ва махсус сўровлар ёрдамида уларнинг асосий хусусиятларини «ажратиб олиш»ни ёқлаб чиқди. Унинг фикрича, технологиядан ҳамма фойдалана олишига шароит яратиш муҳим. Цукерберг, шунингдек, сунъий интеллект ривожланиши туфайли қурилиши жадаллашган йирик маълумотлар марказлари яқинида жойлашган ҳудудлардаги жамоаларни қўллаб-қувватлаш учун 1 миллиард доллар ҳажмидаги жамғарма ташкил этиш режаси борлигини ҳам маълум қилди.











