YouTube 24 августдан видеони ишга тушириш биланоқ — биринчи кадрданоқ кўришлар сонини ҳисоблай бошлайди. Янги тизим бутун дунёдаги барча форматдаги видеолар учун амал қилади. Бу ҳақда платформанинг маълумотномасида айтилган.

Аввалроқ платформа форматга қараб кўришлар сонини ҳисоблашнинг турли усулларидан фойдаланарди. Энди YouTube ушбу кўрсаткични бирхиллаштиришга қарор қилди. Компания бу ўзгаришни кўрсаткични ягона стандартга келтириш ва муаллифларга «ўз видеосининг қамрови ҳақида тўлиқроқ тасаввур бериш» истаги билан изоҳлади.

Платформанинг таъкидлашича, янги тизим монетизацияга таъсир қилмайди: тўловлар аввалгидек жалб қилинган кўришлар ва кўриш соатлари асосида ҳисобланади.

Видеони ишга туширгандан сўнг уни кўришда давом этган фойдаланувчилар сони YouTube Analytics’да сақланиб қолади.

The Verge нашрининг ёзишича, кўришлар сонини ҳисоблашнинг шунга ўхшаш алгоритми TikTok ва Instagram’да ҳам мавжуд. X ижтимоий тармоғида эса томоша, агар фойдаланувчи видеони камида икки сония кўрса, ҳисобга олинади. Нашр маълумотларига кўра, ўтган йили YouTube бу усулни YouTube Shorts учун қўллаган эди.