Ўтган йили октябрда имзоланган ўт очишни тўхтатиш келишуви гўёки Исроилнинг Ғазодаги урушига нуқта қўйди. Бироқ орадан бир йил ўтиб ҳам Исроил зарбаларни ҳануз тўхтатгани йўқ. Гарчи ҳужумлар аввалгидек тинимсиз бўлмасада, деярли ҳар куни Ғазонинг у ёки бу чеккасида фаластинликлар ўлими кузатилмоқда.

Маҳаллий соғлиқни сақлаш расмийлари маълумотига кўра, сулҳ имзоланганидан бери, яъни бир йил ичида Ғазода 1400 дан ортиқ инсон ўлдирилган. Исроил ҳануз Ҳамас жангчилари нишонга олинаётганини айтмоқда.

Ғазодаги фаластинликлар ҳаёти ва тирикчилигини қайта тиклашга уринмоқда. Уларнинг баъзилари вайроналар орасидан қўлидаги бор материали билан уйларини қайта қурмоқда. Бошқалар эса бизнесларини қайта жонлантириш ёки янгисини бошлаш пайида.

New York Times журналисти Арон Боксерман вайроналар орасида кун кечираётган ғазолик оилалар ҳаётидан ҳикоя қилади.

Вайроналардан қайта қуриш

28 ёшли Жаъфар Аталлоҳ бир пайтлар оиласига қарашли кичик фабрикада ишлаб, тирикчилик қилган. Ғазо сектори шимолидаги ал-Воҳа ҳудудида жойлашган фабрика унинг уйи ёнидаги лой конларидан коса ва гулдонлар ясарди. Исроилнинг ҳарбий кампанияси пайтида унинг уйи ер билан яксон қилинди. Шундан сўнг Аталлоҳ ва оиласи бизнесларини Ғазо марказидаги аз-Завайдада қайта йўлга қўйди.

Аталлоҳ ўзи пиширган қизил ғиштлардан камтарона бошпана қурди. Бошпана битта хонадан иборат бўлиб, у ерда ҳомиладор рафиқаси билан яшайди.

Аталлоҳда ердан лой қазиб олаётган жой / Фото: New York Times

Аталлоҳда ердан лой қазиб олиш учун зарур оғир техника йўқ. Аммо энди уларга қўл келадиган бошқа бир имконият бор. "Биз Исроил бомбасидан ҳосил бўлган чуқурга борамиз, чунки у ерда лойга етиб борса бўлади. Уни қазиб оламиз, тозалаймиз ва ишга киришамиз," дейди мақола қаҳрамони.

Сомон билан мустаҳкамланган ғиштдан қурилган деворлар Ғазонинг жазирама ёзида уйга табиий салқинлик беради. Аталлоҳ бу деворлар қишда ҳам уйни иссиқ сақлашга ёрдам беришидан умидвор.