New York Times нашри ўрганган сунъий йўлдош тасвирларига кўра, сулҳдан кейин Исроил қўшинлари ўз позицияларини мустаҳкамлаган ва камида 12 та ҳарбий пост қурган. Улар ўзлари рози бўлган чекиниш чизиғидан ўтиб, сектор ичкарисига янада чуқурроқ кириб борган.
АҚШ қўллаб-қувватлаган сулҳ 2025 йил октябрда кучга кирганди. Унга кўра, Фаластин анклави – Ғазо секторининг қарийб ярми Исроил назоратида қолган. Бироқ жорий йил май ойида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Исроил армияси ҳудуднинг тахминан 60 фоизини назорат қилаётганини айтди. У бундан ҳам кўпроқ қисмини эгаллаш режаси борлигини ҳам очиқ билдирган.

Таҳлилчилар, дипломатлар ва Ғазо аҳолисининг фикрича, Исроилнинг сулҳдан кейинги ҳаракатлари ҳудуднинг бўлинишини мустаҳкамлаб қўяётганга ўхшайди. Ҳолбуки, сулҳ Ғазони вақтинча икки қисмга ажратган эди. Ҳозир эса Исроил назоратидаги қисм кенгайиб, Ҳамас бошқарадиган ҳудуд торайиб боряпти. Ғазодаги икки миллион аҳолининг мутлақ кўпчилиги ана шу кичик ҳудудда яшаяпти.
Агар сулҳ жараёни давом этса, Исроил ҳали ҳам Ғазодан чиқиб кетиши мумкин. Бироқ сулҳнинг кейинги босқичлари бўйича иш тўхтаб қолгандек кўриняпти. Июль ойида АҚШ расмийлари Ҳамас билан қуролларни топшириш бўйича келишувга эришганини маълум қилганди. Аммо Нетаняҳу бу режани рад этди. У Фаластиндаги гуруҳ «ҳақиқий қуролсизланмагунча» қўшинларни олиб чиқишдан бош тортди.
«Сариқ чизиқ»нинг сурилиши
Исроил армияси баёнотида Ғазодаги базаларни «ўз мудофаа концепцияси, оператив эҳтиёжлари ва ўт очишни тўхтатиш келишувига мувофиқ» қураётганини билдирган. Армиянинг қўшимча қилишича, бу базалар Исроил қўшинларини, шунингдек, яқин атрофдаги аҳоли пунктларини ҳимоя қилиш учун мўлжалланган.
Аммо Исроил аскарлари Ғазода ҳарбий постлар қуриш билан чекланмаган. Улар тўсиқлар жойини ўзгартирган, тупроқ уюмлари барпо этган ва айрим ҳудудларга киришни тақиқлаб қўйган.

























