Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги дўконлар, гўзаллик ва массаж салонлари ҳамда сартарошхоналарга 2026 йил охиригача чет элликларни патент асосида ишга жалб қилиш тақиқланди, деб хабар берди шаҳар маъмуриятига таяниб Интерфакс.

Чекловлар Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар (Беларус, Қозоғистон, Арманистон, Қирғизистон) фуқароларига ҳамда ишлаш учун рухсатномага эга бўлган чет элликларга, жумладан, юқори малакали мутахассисларга тааллуқли бўлмайди.

Губернатор Александр Бегловнинг қарори билан 2026 йил учун чет эллик ишчиларни патент асосида жалб қилиш тақиқланган фаолият турлари рўйхати кенгайтирилди.

Хабарда айтилишича, рўйхатга чакана савдо, жисмоний тарбия ва соғломлаштириш, тиббиёт соҳасидаги айрим йўналишлар, шунингдек, гўзаллик салонлари ва сартарошлик хизматлари билан боғлиқ фаолият турлари қўшилган.

Тиббиёт соҳасидаги фаолият турлари қаторида, хусусан, массаж салонлари ва санаторийлар фаолияти келтирилган.

Тадбиркорларга ўз ходимлари сонини янги талабларга мувофиқлаштириш учун 15 декабргача муҳлат берилди.

Расмийлар ушбу тақиқ «иш ўринлари биринчи навбатда Россия фуқаролари, жумладан, ёшлар ва талабалар учун яратиладиган шаффоф ҳамда тартибга солинадиган меҳнат бозорини» шакллантиришга ёрдам беришига умид қилмоқда.

Аввал хабар қилинганидек, 2025 йил декабрь ойида Беглов 2026 йил охиригача мигрантларни патент асосида такси ҳайдовчиси ва курьерлик ишларига жалб қилишни тақиқлаш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди.