Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри маъмурияти патент асосида ишлайдиган мигрантларнинг меҳнати тақиқланадиган соҳалар рўйхатини яна бир бор кенгайтиришга тайёрланмоқда. Тегишли қарор лойиҳаси коррупцияга қарши экспертиза порталида эълон қилинди. Ҳужжатдан маълум бўлишича, хорижликлар учун аллақачон ёпилган такси ва курьерлик хизматларига яна бир нечта бошқа соҳалар қўшилади.
Тақиқланган соҳалар рўйхатига чакана савдони киритиш таклиф қилинмоқда — мигрантлар озиқ-овқат дўконлари ва универмаг, мева, гўшт ва балиқ расталари, нонвойхоналар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш шохобчаларида, шунингдек, фитнес маркази, спорт клублари, санаторий, санитария-эпидемиология хизмати ва суд-тиббий экспертиза ташкилотларида, сартарошхона, гўзаллик ва массаж салонида ишлай олмайди.
Гап айнан патент асосида ишлайдиганлар учун тақиқ ҳақида бормоқда. Бу ҳужжат чет эл фуқаросининг Россиянинг муайян ҳудудида ишлаш ҳуқуқини тасдиқлайди.
Чекловлар ЕОИИ мамлакатлари — Беларус, Қозоғистон, Арманистон ва Қирғизистон фуқароларига тааллуқли эмас. Ушбу мамлакатлар фуқароларига Россияда ишга жойлашиш учун патент ёки ишлаш рухсатномаси талаб қилинмайди. Улар белгиланган квота бўйича ишлаш рухсатномасини олади.
















