Латвияда Таллин шаҳридаги Milrem Robotics мудофаа компанияси фойдаланадиган бинога қасддан ўт қўйишда гумонланган уч киши қўлга олинди. Улардан икки нафари ҳибсга олинган.

Бу ҳақда 19 август куни Эстония давлат прокурори Гарди Андерсон маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, тергов содир бўлган воқеа диверсия бўлиши мумкинлигини истисно қилмаяпти.

«Яқин вақт ичида учинчи гумонланувчини ҳам ҳибсга олиш тўғрисида илтимоснома киритиш бўйича қарор қабул қиламиз», — деди прокурор.

Гумонланувчиларнинг исмлари ва фуқаролиги ҳозирча ошкор этилмаган. Латвия ва Эстония ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари уларни Эстония томонига топшириш масаласи устида иш олиб бормоқда.

Ёнғин 14 августдан 15 августга ўтар кечаси Milrem Robotics фойдаланадиган бинода содир бўлган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.

Milrem Robotics ҳарбий мақсадларга мўлжалланган учувчисиз ер усти транспорт воситалари ва роботлаштирилган тизимларни ишлаб чиқаради. Компания маҳсулотларидан Украинада ҳам фойдаланилади.

Компания раҳбари Кулдар Ваарси Reuters агентлигига ёнғин ишлаб чиқариш жараёни ва етказиб бериш занжирларига таъсир қилмаганини маълум қилган. Унинг айтишича, Milrem Robotics 2026 йил охирига қадар Украинада ўзининг 200 дан ортиқ роботлаштирилган тизими бўлишини режалаштирмоқда.

Россияга алоқадорлик версияси текширилмоқда

Эстония бош вазири Кристен Михал 18 август куни расмийлар ёнғинга Россия алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳақидаги версияни ҳам текшираётганини маълум қилди.

«Агар бу ҳаракатдан мақсад Эстонияни қўрқитиш, одамларимиз орасида низо келтириб чиқариш ёки бизни Украинани қўллаб-қувватлашдан воз кечишга мажбурлаш бўлган бўлса, у ҳолда бу мақсадга эришилмайди», — деди Михал.

Шу билан бирга, Эстония расмийлари ҳозирча Таллиндаги Milrem Robotics биносига ўт қўйилишига Россия алоқадорлигини тасдиқловчи далилларни жамоатчиликка тақдим этмаган.

Россиянинг Эстониядаги элчихонаси эса Reuters агентлигининг ушбу масала юзасидан изоҳ бериш ҳақидаги сўровига жавоб бермаган.