Тошкент шаҳар ҳокимлиги ижтимоий тармоқларда “тирик китоб” номи билан танилган китоб сотувчиси Хайрулла Асадов фаолияти бўйича тарқалаётган хабарлар юзасидан расмий муносабат берди.

Таъкидланишича, аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан унга Олмазор туманидаги Талабалар шаҳарчаси ҳудудида доимий савдо нуқтаси ташкил этилган.

“Мазкур савдо жойи ҳозир ҳам фаолият юритмоқда, у ёпилмаган ва ҳеч ким томонидан олиб қўйилмаган”, дейилади ҳокимлик расмий муносабатида.

Қайд этилишича, ҳозирда Талабалар шаҳарчасида ёзги таътил даври сабаб харидорлар оқими вақтинча камайганлиги боис китоб сотувчиси ўз ташаббуси билан вақтинча «Буюк Ипак Йўли» метро бекати ҳудудида савдо қилмоқда.

“Шу муносабат билан, унга ажратилган савдо жойи олиб қўйилгани ёки у аввалги жойидан чиқариб юборилгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Олмазор туманидаги савдо нуқтаси сақланиб қолган ва ундан фойдаланиш имконияти мавжуд”, дея таъкидлаган пойтахт ҳокимлиги.

Аввалроқ Хайрулла Асадов ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғуллангани учун жаримага тортилиб, юзта китоби мусодара қилинганди.