Сирский ўрнига Драпатий

Украинада ҳарбий раҳбарият ўзгарди. Киев ва бошқа йирик шаҳарларда Зеленский Михайло Фёдоровни мудофаа вазири лавозимидан озод қилгани ортидан намойишлар бошланиб кетиб, одамлар ВСУ бош қўмондони Сирский истеъфосини талаб қилган ва Зеленский албатта реакция бўлишини айтганди. Шундай бўлди ҳам. Уруш бошида Киев мудофааси учун масъул бўлган, кейинчалик Валерий Залужний ўрнига бош қўмондон бўлган Олександр Сирский ишдан олинди. Унинг ўрнига генерал майор Михайло Драпатий янги қўмондон бўлди. 43 ёшли генерал уруш даврида ВСУнинг учинчи қўмондонига айланди.

Сирский украинлар танқидига учраётганди, лекин Зеленский уни ҳурмат-иззат билан кузатди. Бу аслида жамоатчилик талаби билан амалга ошган истеъфо бўлса-да, ҳукумат уни шунчаки армияга янги қон кераклиги учун қилингандек кўрсатди. Драпатий ҳарбийлар орасида катта обрўга эга генерал бўлиб, 2014 йил айирмачилар назоратидаги Мариуполга баррикадани БМПда ёриб ўтгани билан танилган. Кейинчалик Донбасснинг турли қисмларида жанг қилган, Россия тўлақонли босқинни бошлагач, фронтнинг энг мураккаб қисмларига, хусусан, Херсонга ташланган.

Истеъфоси жамоатчилик эътирозига сабаб бўлган мудофаа вазири Михайло Фёдоров ўрнини вақтинча Евгений Хмара эгаллади. Генерал Хамара Украина хавфсизлик хизмати СБУ раҳбари вазифасини бажарувчи ролида ишлаб келаётганди. У хавфсизлик кучларининг «Алфа» махсус бўлинмасини бошқаргани билан танилган. Айнан шу гуруҳ Россиядаги стратегик самолётларни йўқ қилиш операцияси «Паутина»ни амалга оширган.

Хмара Васил Малюк билан бирга ўша операцияни ташкил қилганлардан бири эди. Украина қонунчилигига кўра, мамлакат мудофаа вазири лавозимини ҳарбий бўлмаган одам эгаллаши керак. Лекин Зеленский уруш даврида фавқулодда қонунлар амалда бўлади деган қарорга келган кўринади, Хмарани вазирлик тепасига қўйди.

Кутилганидек Сирскийдан кейин ВСУ штаб бошлиғи Гнатов ҳам истеъфога чиқарилди. Унинг ўрнини генерал Игор Скибюк эгаллади. Зеленский уч лавозимга тайинланган барча ҳарбийлар билан учрашиб, уларга ишонч билдирди. Бош қўмондон ва штаб бошлиғи лавозимлари ҳал қилиб бўлинди, улар узоқ вақт қолса керак. Лекин мудофаа вазири лавозими ҳали ўзгариши мумкин. Чунки украин жамиятида Фёдоров истеъфосидан кейинги норозилик кайфияти сўнмаяпти. Балки уни яна вазирликка қайтаришар.

WB омборларига ҳужум

Охирги ҳафталарда уруш деганда Россиядаги WB омборлари ёнишини кўрадиган бўлиб қолдик. Украина аввалроқ «Россияни тинчликка ундаш қирқ кунлиги» операцияларини бошлаганди. Бу амалиётлардан мақсад тобора кўпроқ россияликлари урушни ўз танасида ҳис қилишга ундаш эди. Аввалига Россиядаги нефтни қайта ишловчи саводлар, нефт танкерлари ҳужумга учраётганди, охирги вақтларда мамлакатдаги энг йирик онлайн бозор WB омборлари ҳужум нишонига айланди.