24 март куни “Ўзатом” ва “Росатом” раҳбарлари Ўзбекистонда биринчи АЭСни қуриш бўйича яна иккита ҳужжатни имзолади. Фориш туманидаги қурилиш майдончасида ядровий энергоблок учун бетон қуйиш ишлари бошланди.
Шу пайтга қадар объектнинг молиявий томонлари: лойиҳа-смета параметрлари, станцияларнинг умумий қиймати, ишлаб чиқарилган электр энергиясининг таннархи қанча бўлиши ва қандай нархда сотиб олиниши очиқланмаган.
Мавҳумлик ҳукм сураётган бир шароитда, “Ўзбекистондаги фақат кичик атом электр станцияси лойиҳаси Россия корхоналарига 2 трлн рублгача буюртмалар олиб келади”, дея эълон қилди “Росатом” бош директори Алексей Лихачёв. Бу – Россия Марказий банкининг бугунги курси бўйича 24,7 млрд долларга тенг маблағ.
“Россияда ҳам хусусий, ҳам давлат иштирокидаги компаниялар орасида жуда кўп ҳамкорларимиз бор. Фақат кичик блокни қуришнинг ўзи 2 трлн рублгача буюртмалар ҳажмини беради. Бандлик нуқтайи назаридан эса бу Россиянинг ўзида тўғридан тўғри тахминан 1000 та иш ўрни яратилишини англатади.
Макроиқтисодий самарадорлик нуқтайи назаридан қаралганда, қурилиш босқичида киритилган ҳар бир рубл учун Россияга 1,5 рублгача, АЭСдан фойдаланиш босқичида эса 2 рублгача қайтишни таъминлайди”, – деди “Росатом” раҳбари ТАСС мухбирининг саволига жавобан.
Spot хабарига кўра, “Ўзатом” директори Азим Аҳмадхўжаев ҳам АЭС бўйича айрим жиҳатларни очиқлаган. Унинг айтишича, “Росатом” билан станцияни қуриш учун зарур материалларни харид қилиш бўйича келишувга эришилган. Ишларнинг жорий босқичида маҳаллийлаштириш даражаси камида 29−30 фоизни ташкил этиши кутиляпти.










