Ўзбекистон | 16:27 / 25.03.2026
1364
2 дақиқада ўқилади

Қурилиш соҳасида экологик талаблар кучайтирилади

“Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳаси доирасида энергетика ва саноат тармоқларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Энди қурилиш соҳасида ҳам экологик талаблар кучайтирилади, деб баёнот берди Махсус комиссия. Куни кеча Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳамда Экология қўмитаси ва Махсус комиссия раиси Азиз Абдуҳакимов давлат раҳбарига устувор экологик чораларни тақдим қилганди.

2025 йил ноябрда Тошкент шаҳар ҳокимлиги эълон қилган видеодан кадр

Экологик вазиятни яхшилаш бўйича Махсус комиссия “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишлар ҳақида ахборот берди.

Қайд этилишича, бугунги кунда Тошкент, Навоий, Фарғона, Чирчиқ ва Термиз шаҳарларида ҳавонинг ифлосланиш даражаси белгиланган меъёрдан юқори бўлиши ҳолатларига – саноатнинг ўсиши, углерод ёқилғиларидан кенг фойдаланиш, транспорт воситалари сонининг кўпайиши, табиий омиллар ва назоратнинг етарли эмаслиги сабаб бўлмоқда.

Шу сабабли 2030 йилга қадар атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар ҳажмини қисқартириш, саноат объектларида ташламаларни ушлаб қолиш улушини ошириш, транспортдан чиқадиган зарарли моддаларни камайтириш ҳамда PM2,5 бўйича меъёрдан ошиш кузатиладиган кунлар сонини пасайтириш муҳим аҳамият касб этади.

Бу борада, “Тоза ҳаво” лойиҳасида энергетика ва саноат тармоқларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, эндиликда қурилиш соҳасида ҳам экологик талаблар кучайтирилади:

  • янги қуриладиган йирик объектларни лойиҳалаштиришда кўкаламзорлаштириш даражасини ошириш;
  • қурилиш материалларини ёпиқ шароитда сақлаш;
  • чиқиндиларни махсус қувур ва контейнерлар орқали тушириш;
  • майдонларни ҳимоя тўсиқлари билан ўраш;
  • онлайн кузатув камераларини ўрнатиш каби талаблар белгиланмоқда.

Бу чора-тадбирлар нафақат экологик барқарорликни таъминлайди, балки атмосфера тозалиги, аҳоли саломатлиги ва шаҳар инфратузилмасининг уйғун ривожланишига ҳам хизмат қилади, дейилади Махсус комиссия баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, 23 март куни президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган устувор умуммиллий лойиҳалар юзасидан тақдимот бўлиб ўтган эди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид