Тошкент давлат тиббиёт университети — Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги йирик ва етакчи тиббий олий таълим муассасаларидан бири. Миллий тиббиёт мактабининг бой анъаналари асосида ташкил этилган университет бугунги кунда юқори малакали шифокорлар тайёрлашнинг замонавий марказига айланган. У классик таълимни инновацион технологиялар билан муваффақиятли бирлаштириб, бутун дунёдан хорижий фуқаролар учун жуда жозибадор бўлмоқда.

Университет бугунги кунда кенг қамровли таълим тизимига эга бўлиб, унда 13 та факултет ва 112 та кафедра фаолият юритмоқда. 15 та бакалавриат таълим йўналишлари, 57 та магистратура ҳамда клиник ординатура мутахассисликлари, 42 та докторантура ихтисосликлари мавжудлиги эса чуқурлаштирилган таълим ва илмий изланишлар учун кенг имкониятлар яратади. Олийгоҳда 33 минг нафардан ортиқ талаба таҳсил олади, шундан 4 300 дан зиёди хорижий талабалар ҳиссасига тўғри келади. Бу эса университетнинг халқаро миқёсдаги нуфузини янада мустаҳкамлайди.

Университетнинг илмий салоҳияти ҳам юқори даражада шаклланган. 2 мингдан ортиқ профессор-ўқитувчилар таркибида юзлаб фан докторлари, профессорлар ва PhD даражасига эга мутахассислар фаолият олиб боради. Бу эса талабалар, айниқса хорижий ёшлар учун сифатли ва замонавий билим олиш имконини беради.

Университетда хорижий талабалар учун қулай ва замонавий шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Университетда таълим 3 та тилда – ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилиб, нафақат Ўзбекистонлик, балки бошқа мамлакатлардан келган талабалар учун ҳам жуда қулайдир.

Таълим жараёнида назария ва амалиёт уйғунлигига алоҳида эътибор қаратилган - 10 дан ортиқ замонавий лабораториялар, 360 дан зиёд клиник базалар ва инновацион ўқитиш усуллари орқали талабалар реал тиббий тажрибага эга бўлиб боради. Сўнгги йилларда университетда ўнлаб янги лабораториялар ташкил этилиб, ўқув бинолари реконструкция қилинди ва университетнинг кампуслар шаклидаги замонавий инфратузилмаси шакллантирилди.

Ҳозирги кунда университетнинг моддий-техник базаси ҳам кенг кўламда ривожланган: университетда минглаб ўқув аудиториялари, замонавий лабораториялар, симуляция марказлари, электрон кутубхоналар ва спорт мажмуалари, юқори тезликдаги Wi-Fi, 900 дан ортиқ компютерлар, замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозланган синфлар мавжуд. Талабалар учун 6000 ўринга мўлжалланган замонавий ётоқхоналар ташкил этилган бўлиб, бу айниқса хорижий талабалар учун катта қулайлик яратади.