Давлат раҳбари бугунги таҳликали замонда мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини ишончли таъминлаш энг устувор вазифалардан бири эканини таъкидлади. Шу мақсадда Ички ишлар вазирлигида Жамоат хавфсизлиги департаменти ташкил этилган бўлиб, унинг таркибига ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва пробация хизматлари бирлаштирилган. Ҳозир мазкур департамент ИИВ шахсий таркибининг қарийб 30 фоизини ташкил этади.

Таъкидланганидек, бундай катта ва мураккаб тизимни самарали бошқариш ҳамда қатъий назорат қилиш янгича ёндашувни талаб қилади. Шу муносабат билан тақдимотда соҳада замонавий бошқарув ва рақамли назорат механизмларини жорий этиш, самарадорлик кўрсаткичларини “Жазоловчи тизимдан – аҳолига хизмат кўрсатувчи тизимга” тамойили асосида қайта ишлаб чиқиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

Маҳаллаларда профилактика ишларини ташкил этиш ҳолатига алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда республикадаги қарийб 9 минг маҳаллада 10 мингдан зиёд профилактика инспектори хизмат қилиб келмоқда. Ўтган йили улар аҳолидан келиб тушган 2,5 миллиондан зиёд аризани кўриб чиққан, 470 мингдан ортиқ ҳолат бўйича материаллар судга юборилган. Шу билан бирга, профилактика инспекторлари фаолияти устидан ортиқча бошқарув бўғинлари кўпайиб кетгани оқибатида маҳалла хавфсизлиги ва жиноят профилактикасига етарли эътибор қаратилмаётгани қайд этилди.

Шу муносабат билан профилактика инспекторларини ортиқча вазифалардан халос этиб, уларнинг бевосита ўзига юклатилган ишга – маҳаллада хавфсизликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва аҳоли муаммолари билан манзилли ишлашга тўлиқ йўналтирилган тизим яратиш зарурлиги таъкидланди.

Жумладан, кунлик онлайн йўриқнома ўтказиш, “Менинг инспекторим” электрон тизими орқали хизматни ташкил этиш, суд-тиббий экспертиза муассасалари билан электрон маълумот алмашишни жорий қилиш, профилактика инспекторларини ишдан ажратмаган ҳолда онлайн ўқитиш ва малакасини ошириш, маҳаллада хавфсизликни таъминлашга кўмаклашувчи “жамоат ёрдамчиси” гуруҳлари фаолиятини йўлга қўйиш таклиф этилди.

Инспекторларга айрим ҳуқуқбузарликлар бўйича қарор қабул қилиш ваколатини бериш, 6 та кам аҳамиятли қилмиш бўйича маъмурий огоҳлантириш тизимини жорий этиш таклиф қилинди.

Бу орқали инспекторнинг маҳалладан чиқмаган ҳолда иш олиб бориши, самарадорлиги ортиши ва кўпроқ аҳоли билан яқиндан ишлаш имконияти яратилиши таъкидланди.