Жаҳон | 08:18 / 10.04.2026
3380
2 дақиқада ўқилади

Саудиядаги The Line лойиҳаси қурилиши космосдан кузатилди

Фото: Soar Atlas

Soar Atlas лойиҳаси вакиллари яқинда Саудия Арабистонида барпо этилаётган «Кўзгу чизиғи» (The Line) номли горизонтал осмонўпар бино қурилиши жараёнини кўрсатувчи сунъий йўлдош суратларидан йиғилган видеороликни эълон қилди.

«Кўзгу чизиғи»ни барпо этиш режаси ҳақида Саудия Арабистони валиаҳди шаҳзода Муҳаммад бин Салмон 2021 йил январ ойида маълум қилган эди. У бу лойиҳани Миср пирамидалари каби рамзий ва абадий аҳамиятга эга бўлган иншоотга айлантиришни мақсад қилаётганини айтган.

Режага кўра, «Кўзгу чизиғи» баландлиги 500 метр бўлган, чўл, соҳилбўйи ва тоғли ландшафтлар оралаб 120 километрга чўзиладиган икки параллел бинодан иборат бўлиши керак эди. Уларнинг ости орқали шаҳарнинг барча қисмларини боғлайдиган юқори тезликдаги темирйўл ўтиши ҳам кўзда тутилган.

Дастлаб қурилишни 2030 йилга қадар якунлаш режалаштирилган эди. Бироқ бугунги кунга келиб, Ар-Риёд ҳукумати ўта улкан ва ниҳоятда катта ушбу лойиҳанинг камчиликларини тан олди. Эндиликда у дата-марказлар учун ҳаб яратишга йўналтирилиши мумкин, қурилиш ишлари эса тўхтатилган.

Бу ўзгаришлар Ар-Риёднинг давлат молиясини назорат қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлари фонида юз бермоқда. Бу ҳолат йирик харажатлар билан ўтган ўн йилликдан кейин ликвидликнинг қисқариши ва нефт нархларининг паст даражада сақланиб қолаётгани билан изоҳланмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид