27 октябр куни Тошкентда бир одам ёнаётгани, атрофдагилар уни ўчиришга ҳаракат қилаётгани акс этган видео тарқалди. Маълум бўлишича, ҳодиса Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги Parkwood турар жой мажмуасида, мажмуага қарашли трансформатор пунктида рўй берган.

Ҳодиса оқибатида икки киши шифохонага ётқизилган. Улар РШТЁИМга олиб келинган. Шифохонага борган Kun.uz мухбирининг аниқланишича, беморлардан бирига ёрдам кўрсатилиб уйига жавоб берилган, иккинчиси жонлантириш бўлимига ётқизилган.

“ТП калити қоровулда турмаслиги керак”

Ҳодиса рўй берган трансформатор пункти “Тошкент шаҳар электр тармоқлари” корхонаси балансида турмайди. Компания дастлабки ахборотида ёнғин чиқишига “трансформаторда таъмирлаш ишлари олиб борилаётган вақтда рўй берган фазалараро қисқа туташув” сабаб бўлганини билдирган эди. Аммо компания мутахассиси Азиз Тўйчиев кейинроқ Kun.uz’га берган интервюсида бошқа сабабни тилга олди.

“Ўша ердаги қурувчилар қоровулдан ТП калитини олиб, болгарка ишлатиш учун узайтиргич (удлинитель) уламоқчи бўлишган пайтда электр ёйидан жароҳатланишган. Аслида калит қоровулда эмас, масъул шахсда бўлиши керак”, — деди Тўйчиев.

Kun.uz янги қурилган кўп қаватли уйлардаги электр хавфсизлиги учун ким жавобгар бўлиши ҳақида сўради. ҲЭТК вакилига кўра, ТПни эксплуатация қилиш бўйича масъул шахс белгиланган бўлиши, у тегишли билим ва малакага эга бўлиши, ишларни эса хавфсизлик талабларига риоя қилган ҳолда бажариши керак.

Янги уйлардаги ТПларнинг аксарияти ҲЭТК балансида эмас

“Тошкент шаҳар электр тармоқлари” мутахассисининг тушунтиришича, қурилиш компаниясига тегишли трансформатор пунктини ишга туширишда белгиланган тартибда рухсат олиниши, масъул шахслар ҳақидаги ҳужжатлар расмийлаштирилиши керак.

Корхонада энергетик ходим бўлмаса, трансформатор пунктига хизмат кўрсатиш учун ихтисослашган ташкилот билан шартнома тузилиши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, трансформатор пунктидаги ишлар учун масъул шахс белгиланиши ва электр хавфсизлиги талабларига амал қилиниши лозим.

Трансформатор пункти “Тошкент шаҳар электр тармоқлари” балансига ўтказилганидан кейин эса калитларни сақлаш ва уларни олиб-қайтариш тартиби жамият тизими орқали назорат қилинади.

Азиз Тўйчиев пойтахтдаги янги кўп қаватли уйларнинг қанчаси электр тармоқлари корхонаси балансига ўтказилгани бўйича аниқ рақам келтира олмаслигини айтди. Унинг тахминига кўра, янги қурилган кўп қаватли уйларнинг 30–40 фоизида ТПлар ҲЭТК балансига ўтказилган. Қолганларида қурилиш компанияси ёки бошқа ташкилотлар балансида бўлиши мумкин.

Kun.uz Parkwood турар жой мажмуасидаги ҳодиса бўйича изоҳ олиш учун бошқарув компанияси вакиллари билан ҳам суҳбатлашишга ҳаракат қилди, аммо улар саволларга жавоб бермади.