Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ижтимоий тармоқлар ва болалар: Қозоғистонда чекловлар кўриб чиқилмоқда
Қозоғистонда болалар ва ўсмирларни ижтимоий тармоқларда ҳимоя қилиш мақсадида янги чекловлар жорий этилиши мумкин. Таълим вазирлиги SIM-карталарни болалар учун алоҳида рўйхатдан ўтказиш, 14 ёшгача бўлганлар фойдаланадиган контентни назорат қилиш ва мактабларда медиасаводхонликни кучайтириш каби таклифларни кўриб чиқмоқда. Ташаббус ҳозирча муҳокама босқичида.
Сунъий интеллект чизган сурат
Қозоғистон таълим вазири Жулдиз Сулейменова депутатларнинг болалар ва ўсмирлар учун ижтимоий тармоқларга киришни чеклаш таклифига муносабат билдирди. У тафсилотларни ҳукуматдаги брифингда айтиб ўтди, деб хабар қилади Tengrinews.kz.
Журналистлар амалдордан болаларнинг ижтимоий тармоқларга кириши айнан қандай чекланиши режалаштирилаётганини сўрашди. Жулдиз Сулейменованинг айтишича, вазирлик бу масалани ўрганмоқда.
“Ҳозир чекловларни кўриб чиқяпмиз — бир нечта таклифлар бор. Вазирликда ишчи гуруҳ тузилди. Биз болаларни ҳуқуққа хилоф контентдан ҳимоя қилмоқчимиз, бу кўпгина мамлакатларда қўлланади. Масала очиқ ва жамоатчилик билан муҳокама қилинади, жумладан ота-оналар, педагоглар ва ОАВ билан ҳам”, — деди Сулейменова.
Вазир, шунингдек, вазирлик қандай чораларни кўриб чиқаётганини санаб ўтди:
- болалар учун SIM-карталарни рўйхатдан ўтказиш — киришни назорат қилиш учун биринчи қадам;
- 14 ёшгача бўлган болалар фойдаланадиган контентни мониторинг қилиш — ҳуқуққа хилоф материалларни кўриш ва блоклаш учун;
- мактабларда медиасаводхонликни ўқитиш — болаларга интернет ва ижтимоий тармоқлардан хавфсиз фойдаланишни тушунтириш учун.
“Болаларга ижтимоий тармоқларни чеклаш масаласини медиа жамоаси ва ота-оналар билан муҳокама қилиш керак бўлади. Ишчи гуруҳ аллақачон тузилган, унинг мажлисини кейин батафсил маълум қиламиз”, — дея қўшимча қилди у.
Жулдиз Сулейменова ташаббус ҳозирча муҳокама босқичида эканини, якуний қарорлар ҳали қабул қилинмаганини таъкидлади.
Декабр ойида Қозоғистонда 16 ёшдан кичик фойдаланувчиларнинг онлайн-платформаларда рўйхатдан ўтишига тақиқ жорий этувчи қонун лойиҳаси тайёрланган эди. Ҳужжатни Маданият ва ахборот вазирлиги ишлаб чиққан. Кейинроқ вазирликда “тақиқ болаларни фақат ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтказишга татбиқ этилади”, деб аниқлик киритилди.
Мавзуга оид
09:20 / 24.01.2026
Қозоғистон—Ўзбекистон: “Дўстлик” канали тозаланади, Сирдарёда 10 гидропост ўрнатилади
12:29 / 23.01.2026
2025 йилда Ўзбекистон маҳсулотлари 75 та давлатга экспорт қилинган
18:32 / 22.01.2026
«Келин ўғирлаш» ортидан содир этилган қотиллик Қозоғистонни ларзага солди
17:52 / 20.01.2026