Йўриқнома лойиҳасига мувофиқ, йўл ҳаракати қоидаларини бузишга доир маъмурий ишлар ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимининг «Маъмурий амалиёт» модули орқали электрон шаклда юритилади. Шунингдек, иш ҳужжатлари, ашёвий ва рақамли далиллар судларга ҳам электрон кўринишда юборилади.

Лойиҳада фуқаролар ва юридик шахслар учун маъмурий ишлар бўйича мурожаатларни мамлакатнинг исталган ҳудудий марказида топшириш имкониятини берувчи «экстерриториаллик» тамойили, хизматларни бир нуқта орқали кўрсатувчи «ягона дарча» тизими ҳамда тўсиқсиз қабулни назарда тутувчи «опен спейс» ёндашуви жорий этилиши белгиланган.

Шунингдек, ҳуқуқбузарликларни расмийлаштиришда планшетлардан фойдаланиш, электрон баённомаларни электрон график имзо ёки бармоқ изи орқали тасдиқлаш, қарорлар ва хабарномаларни мобил иловалар, SMS ва шахсий кабинетлар орқали юбориш тартиби ҳам назарда тутилган.