Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси ходимлари Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари вакиллари билан ҳамкорликда тезкор-қидирув тадбирини ўтказди.
Тадбир давомида Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги меҳмонхоналардан бирида йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситаларининг яширин олди-сотдиси фош этилди.
Тезкор кузатувда бўлган шахс учта ўрамга жойланган, умумий оғирлиги 1 килограмм 233 граммни ташкил этувчи «гашиш» гиёҳвандлик воситасини сотишга келишган. У харидордан келишилган пулнинг бир қисмини қабул қилиб, эвазига гиёҳвандлик воситасини бераётган вақтида қўлга олинди.
Аниқланишича, мазкур шахс аввал ҳам гиёҳвандлик воситаларини кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотганлиги учун судланган.
Ушбу ҳолат юзасидан Божхона қўмитаси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Маълумот берилишича, божхона органлари томонидан жорий йил бошидан буён ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда аниқланган 844 та ҳолатда 2,2 тоннадан зиёд гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб ўтилиши ҳамда яширин айланмасига чек қўйилган.
















